Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кунчиқар юрт билан таълим соҳасидаги алоқаларнинг янги босқичи
15:02 / 2022-10-11

Япония бугунги кундаги халқаро майдондаги мавқеи, технологик тараққиётдаги пешқадамлиги, таълим ва илм-фандаги илғорлиги билан ажралиб туради. Мазкур давлат глобаллашув жараёнида ҳам тараққиёт йўлидаги фаолиятини изчил давом эттираётгани диққатга сазовор.

Япониянинг олий таълим тизими ҳам ўзига хос илғорлиги ва анъаналари билан дунёда машҳур. Мамлакатнинг 704 та университетидан 453 таси жаҳон рейтингларига киритилган, 46 та университет эса ТОП-200 таликдан ўрин эгаллаган. Бу университетларнинг замонавий инфраструктурасидан тортиб, илмий салоҳиятигача ҳавас қилса арзигулик. 

Шу сабабли ҳам Япония ва Ўзбекистон университетлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бугунги олий таълимни ривожлантириш концепциясининг интернационализация борасидаги вазифалари орасида муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.   

Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Цукуба университетида Глобал илм-фан ва маданият ҳафталиги ташкил этилиб, ҳар бир кунда қизиқарли тадбирлар бўлиб ўтди.  

Ҳафталик доирасида Ректорлар форуми бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов раҳбарлигидаги делегация таркибида мен ҳам Японшунослик бўйича етакчи университет ректори сифатида олий таълимдаги трансформация жараёнлари ва бу босқичда халқаро ҳамкорлик масалалари юзасидан маъруза билан иштирок этдим. 

Цукуба университети мезбонлигида ўтказилган Япония ва Ўзбекистон ректорларининг 4-форуми айнан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш учун яхши имконият бўлди. Форумда икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарларининг ўзаро келишувлари асосида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди, шартномалар имзоланди. 

Тошкент давлат шарқшунослик университети Япониянинг 12 та университети, шунингдек, Япония фонди, JICE, Mitsubishi каби нуфузли ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Мазкур ҳамкорликлар доирасида Япония университетларида бакалавриат, магистратура, докторантура босқичларида ўқиш, малака ошириш, илмий лойиҳаларни бажариш, халқаро миқёсдаги илмий анжуманларни ташкил этиш, япон тили бўйича нотиқлик санъати танловларини такшил этиш, талабаларнинг шартнома маблағларини тўлаб бериш каби бир қанча йўналишларда фаолият ташкил этилган.  

Форум доирасида ТДШУ ва Вакаяма университети ҳамда Тойо университети билан ҳам янги шартномалар имзолангани муҳим воқеа бўлди.  

Шақршунослик университети билан ҳамкорлик қилиш ниятида бўлган Нанзан университети, Кобе хорижий тиллар университети билан ўқув ва илмий ҳамкорлик қилиш масаласида музокара олиб борилди. 

Цукуба университети Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўлими бошлиғи Тошинобу Усуяма билан ҳамкорликда академик алмашинувини кенгайтириш, илмий лойиҳалар яратиш ва навбатдаги халқаро конференцияни ўтказиш каби масалалар муҳокама қилинди. 

“Япония-Ўзбекистон академик ва маданий форуми – 2022” доирасида талабалар илмий анжумани ўтказилди. Унда япон ва ўзбек талабалар ўзларининг қизиқарли маърузалари билан иштирок этдилар. Қизиқарли жиҳати шундаки, мамлакатимизда олиб борилаётган гендер сиёсатининг муҳим йўналишлари бўйича илмий тадқиқот мавзуларида магистрлик диссертацияларини ёзаётган Цукуба университетида ўқиётган ўзбек қизлари хорижий тилларда юқори савияда маъруза қилишди.  

Ҳамкор университетимизда мазкур масалаларга қизиқиш борлиги қизларимизнинг илмий мавзуларидан ҳам кўриниб турибди. Япониялик олимлар, тадқиқотчилар ва талабаларнинг савол-жавоблари билан қизғин муҳокамалар бўлди. 

Японияга сафаримиз давомида кўп йиллик ҳамкоримиз Токио хорижшунослик университетида ҳам бўлдик. Аслида бизнинг университет каби хорижий мамлакатларнинг тили, адабиёти ва бошқа гуманитар соҳа йўналишлари бўйича таълим бериладиган ушбу университет билан талабалар алмашинуви дастурлари мунтаазам жорий этиб келинмоқда. Аммо бу сафарги музокараларимизда ҳамкорликнинг янги қирралари ҳақида келишувлар бўлди. 

Энг муҳим янгилик ўзбек тили ўқитиладиган ушбу ягона япон университетининг Марказий Осиёшунослик кафедраси қошида Шарқшунослик университети бурчагининг очилиши бўлди. Университет президенти Каёко Хаяши хоним билан учрашувда мазкур бурчакни алоҳида марказ сифатида шакллантиришга келишилди. Ўзбек тили, адабиёти, тарихи ва маданиятини ўрганишга тегишли шароит яратадиган ушбу марказга китоблар, миллий ёдгорлик намуналари тақдим этилди. Она тилимизни ўрганаётган, Ўзбекистон бўйича тадқиқот олиб бораётган изланувчилар учун,  япониялик талабаларнинг мустақил таълим олишларида муҳим маскан вазифасини ўтайди. 

Марказий Осиё кафедраси талабаларига Ўзбекистонда ўзбек тилининг ўрни ва аҳамияти, кўп миллатли ва кўп тилли жамият, Ўзбекистоннинг тил сиёсати каби ижтимоий-лингвистик масалаларга доир маърузаси япониялик талабаларга, уларнинг устозларига ҳам фойдали бўлганини қайта-қайта айтди. Ўқитувчи сифатида дарсларимдан қониқиш ҳосил қилган ёшларнинг фикрларини эшитиб, айниқса, уларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишларини кўриб жуда хурсанд бўлдим.  

Сафар давомида мен учун ниҳоятда унутилмас дамлар ўзбек тилини ўрганган собиқ талабаларим билан учрашув бўлди. Устозлар кунини айнан улар билан нишонлаганим бир умрлик эсдалик бўлиб қолди. Бир неча йиллар олдин ўқиб кетган япониялик талабалар билан она тилимизда эркин суҳбатлашиб ўтирганимизда ҳиссиётларим ғуруримни осмонларга кўтарди.  

Университетимиз битирувчиларидан бир қанча японшунос ёшлар билан учрашиб, уларнинг нуфузли компанияларда ишлаётгани, университетларда таълим бераётгани, тадқиқотлар олиб бориб, илмий ишларини ҳимоя қилаётганларини эшитиб жуда хурсанд бўлдим.  

Сафар олам-олам таассуротлар ва қувончли дамларга бой бўлди. Япония ва Ўзбекистон ректорларининг форуми ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида янги босқич учун замин яратди, дея оламиз. 



Гулчеҳра РИХСИЕВА, 
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори 
ЎзА