Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кунчиқар мамлакат билан ҳамкорлик янги босқичда
21:40 / 2020-01-07

Тадбирда парламентлараро ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар ҳақида ҳам сўз юритилди.


Тошкентда "Ўзбекистон – Япония: тўртинчи саноат инқилоби даврида ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар" мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази, "Тараққиёт стратегияси" маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, "Маъно" тадқиқот ташаббуслари маркази мутахассислари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон билан Япония ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, фан-таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб истиқболли келишувларга эришилди. Кунчиқар мамлакат билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини оширишга қаратилган мазкур келишувлар ўзаро ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очди.

Давра суҳбатида экспертлар Япония билан муносабатлар тизимли, кўп қиррали кўриниш касб этиб, ўзаро ҳурмат ва икки томон манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Токио Ўзбекистонда инфраструктура, энергетика, транспорт ва замонавий технологиялар жорий этилиши мумкин бўлган бошқа соҳалар ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда. "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасидаги лойиҳаларга киритиладиган инвестициялар мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашади.

Мутахассислар фикрича, ташриф якунлари бўйича имзоланган келишувлар Япония капиталининг Ўзбекистонда мустаҳкам ўрин эгаллашига замин яратади. Масалан, Нагоя шаҳри билан Тошкентда юқори технологиялар парки барпо этиш, Ўзбек – Япон ёшларининг инновацион марказини ташкил қилиш бўйича эришилган келишув натижасида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари жадал ривожланишини таъминловчи мустаҳкам платформа яратилади. Шунингдек, ёш, истиқболли кадрларни тайёрлаш имкониятлари янада кенгаяди.

Таҳлилчилар Ўзбекистонга келаётган япониялик сайёҳлар тобора ортаётгани, Кунчиқар юрт аҳолисининг мамлакатимиз сайёҳлик объектларига қизиқиши жуда юқори эканини алоҳида таъкидлади. 2018 йилда Япония фуқаролари учун визасиз режим жорий қилиниши бу юртдан юртимизга келаётган сайёҳлар оқими тўрт баробар кўпайишига сабаб бўлди.

Тадбирда парламентлараро ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тошкент ва Токио ўртасида «Япония + Марказий Осиё» форматидаги ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, экспертлар Япония Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончли ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. Япония иқтисодиётни либераллаштириш, ҳудудни ягона йирик иқтисодий маконга бирлаштириш ва бошқа бозорларга чиқиш учун Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларидан ёрдамини аямайди.

Кунчиқар мамлакат Марказий Осиёда ўзининг минтақавий сиёсатини амалга ошириш учун Ўзбекистонга алоҳида аҳамият қаратади. Бунга Япониянинг мазкур минтақа давлатларига ажратган ёрдами ҳажмининг 57 фоизи Ўзбекистонга тўғри келиши фикримиз далилидир.

Давра суҳбати иштирокчилари дунёда ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда кечаётган жиддий ўзгаришлар шароитида Япония билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистоннинг стратегик манфаатларига жавоб бериши ҳақида якдил фикр билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга ташрифи Токионинг эътиборини Марказий Осиё билан минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига, Ўзбекистонда кечаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий трансформация жараёнларига қаратиши қайд этилди.