English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тартибида “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун
11:47 / 2019-10-11

ОНЛАЙН.


Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.

Кун тартибидаги навбатдаги масала “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун бўлди.

Қонуннинг қабул қилиниши, валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлигини таъминлаш, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик, валютани тартибга солиш ва назорат қилиш тизимининг бирлиги, Ўзбекистон Республикаси валютасининг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда бозор механизмларига асосланиш каби иқтисодиётдаги долзарб масалалар ечимига қаратилган.

Амалдаги қонундаги баъзи ҳаволаки нормалар ва ўзининг долзарблигини йўқотган айрим меъёрлар чиқариб ташланган, Қонун тубдан қайта кўриб чиқилиб такомиллаштирилган, янги моддалар билан тўлдирилган.

Мазкур қонун 5 та боб ва 32 та моддадан ташкил топган.

Валютани тартибга солиш ҳамда назорат қилиш тизимининг ягоналиги, давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги каби меъёрлар қонуннинг асосий принциплари этиб белгиланган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валютани тартибга солувчи давлат органи сифатидаги ваколати кучайтирилган. Жумладан Марказий банкка мамлакат ҳудудида ва унинг ташқарисида ўз ваколати доирасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқи билан бирга, Ўзбекистон Республикасида ҳамда унинг ташқарисида барча турдаги валюта операцияларини амалга ошириши ҳуқуқи ҳам берилмоқда.

Шу билан бирга Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикаси валютасининг чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлашда фақат бозор механизмларидан фойдаланиш,чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартибини белгилашда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф асосида аниқлаш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутилган.

Валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун Марказий банкнинг валюта курсини мунтазам равишда белгилаб бориши ҳам қонунда қайд этилган.

Хорижий инвесторларга имконият яратиш мақсадида қонун ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш бўйича янги модда билан тўлдирилмоқда.

Қонуннинг 19-22-моддаларида Ўзбекистон Республикаси банкларининг валюта операцияларини амалга оширишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жиноий фаолиятдан олинган ёки уни қўллаб-қувватлаш учун йўналтириладиган маблағлар, Халқаро валюта жамғармаси Келишув моддалари доирасидаги мажбуриятларга риоя қилган ҳолда, тўлов баланси барқарорлигига таҳдид мавжуд бўлганда валюта операцияларини амалга оширишга чекловлар ўрнатиш бўйича Марказий банкнинг ҳуқуқлари ва мамлакатимизга пул маблағларини олиб кириш, олиб чиқиш тартиби ҳам белгиланган.

Бунда, халқаро тажрибадан келиб чиқиб ва жисмоний шахсларга қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек мамлакатимиз миллий валютасининг мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида олиб чиқиладиган пул маблағлари миқдори юз миллион сўм эквивалетидан ошмаган суммадаги миллий валютада ўрнатилиши назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.