Шундай даврлар етиб келди. Вилоятларда экспорт масаласи фақат саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ташкилотлари вакиллари иштирокида муҳокама қилинар эди. Энди Фарғонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидаги долзарб масалалар алоҳида муҳокама қилинди.
Унда ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги бўлимлари масъул раҳбарлари, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимлари бошлиқлари, агрономлар ва инспекторлар, шунингдек, экспортёр корхоналар раҳбарлари иштирок этди. Бунинг асосли сабаблари бор эди. Агар Фарғона вилоятида 2025 йилда 1,1 млрд долларлик маҳсулот 67 та давлатга экспорт қилинган бўлса, унинг 402 млн.долларлиги қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан амалга оширилган. Бу йил фарғоналик деҳқон-у боғбонлар бу рақамни 500 млн. долларга етказишмоқчи. Ёки ўтган йилга нисбатан ўсиш 125 фоизга етиши лозим.

Тадбирда 2026 йил ҳосили учун экспортбоп ва юқори ҳосилдор экинларни жойлаштириш, ҳудудларда етиштирилаётган маҳсулотлар учун ички фитосанитар сертификатларни тўлиқ ва ўз вақтида расмийлаштириш ишларини тизимли йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мавжуд ер ва сув ресурсларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиб, илғор технологияларни жорий этиш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмларини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.

Семинар якунида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини янада ривожлантириш бўйича келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА