Ватанимиз тарихидаги 23 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
999 йил (бундан 1025 йил олдин) – Қорахоний Наср ибн Али Сомонийлар давлати пойтахти Бухоро шаҳрини эгаллади. Қорахонийлар Бухорони босиб олгач, Сомонийлар амири ва унинг қариндош-уруғларини асир қилиб, Ўзгандаги зиндонга ташлади. Шу тариқа қудратли сомонийлар сулоласи қулади.
1589 йил (бундан 435 йил олдин) – тарихчи Абдусаттор Жуманазарнинг ёзишича, Жўйбор шайхларининг энг таниқли вакилларидан бири Хожа Калонхожа номи билан машҳур бўлган Носириддин Хожа Саъд вафот этди. Унинг отаси Фахриддинхожа Муҳаммад Ислом Жўйборий бўлиб, онаси насаби жиҳатдан соҳибқирон Амир Темурнинг пири Мир Саййид Баракага авлод ҳисобланади.
Хожа Саъд отаси Хожа Муҳаммад Исломнинг вафотидан сўнг 1563 йилда унинг ўрнига Абдуллахон II томонидан Бухоро шайхулисломи этиб тайинланган. Абдуллахон II Хожа Саъд фатвосисиз бирорта жиддий ишга қўл урмаган. Хожа Саъдга “Қутблар қутби” ва “Саййидлар паноҳи” унвонлари берилган. Хожа Саъд отаси каби катта ер-сув ва кўчмас мулк эгаси бўлган. Абдуллахон II унга Бадахшондаги Арханг вилояти ва Кўлобдаги Вахшни ҳадя этган.
1908 йил (бундан 116 йил олдин) – ёзувчи, олим, жамоат арбоби Садриддин Айнийнинг қайд этишича, Бухоро шаҳрининг Дарвозаи Саллоҳхона гузарида жойлашган Мирзо Абдулвоҳид Мунзим уйида форсий (тожик) тилида биринчи марта бухороликларга махсус “Усули жадид” мактаби очилди ва унга Абдулвоҳид Мунзим муаллим этиб тайинланди.
1921 йил (бундан 103 йил олдин) – Бухоро Марказий Ижроия Қўмитаси мажлисида Туркияда таҳсил олаётган бухоролик талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш масаласи кўриб чиқилди ва Истанбулга борувчи савдогарлар орқали талабаларга пул маблағлари жўнатилди.
1923 йил (бундан 101 йил олдин) – Хоразм Халқ Совет Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Сафоев томонидан имзоланган буйруққа кўра, Бухоро–Хива ўртасида ўзаро ҳаво йўли (самолёт қатнови) йўлга қўйилди. Тарихчи Маҳмуд Очиловнинг маълумот беришича, бунинг учун Хоразм ҳаво флотига ажратилган 25 минг олтин сўмнинг 10 минг олтин сўми сарфланган. Ҳаво йўли орқали дастлаб почта ва йўловчилар ташилган. Бошқа бир архив ҳужжатида келтирилишича, Бухоро–Хива ўртасида самолётлар қатнови 1924 йил 1 апрелдан бошлаб мунтазам равишда йўлга қўйилган.
1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Қозоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
1998 йил (бундан 26 йил олдин) – Самарқандда буюк мутафаккир Имом Бухорийнинг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг деярли 40 мамлакатидан меҳмонлар, жумладан, ЮНЕСКО, “Ал-Бабтийн” жамғармаси каби нуфузли ташкилотларнинг вакиллари қатнашди. “Афросиёб” меҳмонхонасининг мажлислар залида “Имом Бухорий ва унинг жаҳон маданиятида тутган ўрни” мавзусида Халқаро конференция бўлиб ўтди. Шу куннинг ўзида Челак туманининг Хартанг қишлоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуининг очилиш маросими бўлди.
2013 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 18 моддадан иборат.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – “Ўзбеккино” миллий агентлигининг Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбек киноси дурдоналари” зали ишга туширилди. Уни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида халқимиз қалбидан жой олган дурдона киноасарларни кенг тарғиб этиш, ихлосмандларнинг афсонавий ўзбек киносининг энг бебаҳо намуналаридан яна баҳраманд бўлиши учун имкон яратиш, ёш киночиларнинг маҳоратини оширишдан иборат.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.