English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: Махфий ҳужжатда 2 миллион бошга яқин чорвани мусодара қилиш белгиланган эди
10:50 / 2021-04-04

Ватанимиз тарихидаги 4 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1914 йил (бундан 107 йил олдин) – жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий газетаси “Садои Туркистон” (“Туркистон овози”)нинг биринчи сони чиқди. Туркистоннинг маънавий-маърифий юксалишига кўмаклашиш мақсадида чиқарилган бу газетада миллий таълимни замонавийлаштириш, миллат дардини акс эттирувчи адабиёт ва санъат яратиш, миллат онгини юксалтиришга хизмат қилувчи матбуотни ривожлантириш, аёлларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш, ахлоқий тарбияни кучайтириш ва давр учун долзарб бошқа муаммолар кенг ёритилган. Унинг жами 66 сони чиққан, холос.

1920 йил (бундан 101 йил олдин) – Россия большевикларининг “саъй-ҳаракатлари” билан Ёш хиваликлар партияси тарқатилиб, ўрнига Хоразм компартияси тузилди. Ёш хиваликларнинг қисмати Туркистон ва Бухоро жадидлари каби аянчли тарзда якун топди.

1931 йил (бундан 100 йил олдин) – тарихчи Алишер Тойировнинг архив ҳужжатларига таяниб қайд этишича, Чорва молларини мусодара қилиш комиссиясининг ўта махфий қарорларидан бири қабул қилинди. Унда чорвадор ҳудудлардаги қулоқ хўжаликларига тегишли бўлган чорва ҳайвонларини мусодара қилиш миқдорлари белгиланди. Режага кўра республикадаги мавжуд 22 чорвадор туманидан жами 1 миллион 724 минг 400 бош чорва ҳайвонини мусодара қилиб, колхоз ва совхозлар ихтиёрига бериш белгилаб қўйилди.

Ҳужжатга кўра, масалан, Самарқанд округининг Нарпай туманидан 121 минг, Нурота туманидан 106 минг, Хатирчи туманида 41 минг, Каттақўрғон туманидан 29 минг 900 бош қўй тортиб олиш режалаштирилди. Бундай ҳолатда ўзига тўқ бўлган чорвадорлар чорва молларини яширишга ёки сўйишга мажбур бўлишган. Қулоқлаштириш сиёсати орқали ҳукумат томонидан уларга нисбатан кескин чоралар қўлланган ва мол-мулкларини тортиб олишда давом этилган.

1956 йил (бундан 65 йил олдин) – узоқ давом этган муҳокамадан сўнг, “Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари” тасдиқланди. Кирилл алифбосига асосланган ўзбек ёзувининг ушбу имло қоидалари 1952 йил май ойидан 1953 йил ноябрь ойига қадар ҳайъат томонидан тўрт марта қайта ишланган ва ниҳоят 1955 йил рисола ҳолида нашр этилган эди.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ҳинд океанининг ғарбида, Африканинг жануби-шарқий қирғоғидан 400 километр шарқдаги Мадагаскар ороли ва унга ёндош майда оролларда жойлашган Мадагаскар Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.

1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкент телемаркази биринчи маротаба алоқа йўлдош орқали Туркияга бевосита телесигнал кўрсатувини амалга оширди. Турк томошабинлари Туркия Республикаси Президенти Турғут Ўзол бошчилигидаги расмий давлат делегациясининг Тошкентга келганлиги тўғрисидаги репортажни Ўзбекистон халқи билан бир вақтда томоша қилдилар.

1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Жиззах вилоятида Ўзбекистонда биринчи йирик темир рудаси кони очилди.

2002 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси тасдиқланди.

2006 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади