Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: “Келинлар қўзғолони” спектаклидаги Фармонбиби – Зайнаб Садриева таваллудига 110 йил тўлди
09:34 / 2024-10-25

Ватанимиз тарихидаги 25 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни. Мазкур кун Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни билан жорий этилган. Юртимизда ушбу касб байрами бу йил ўн саккинчи бор нишонланмоқда.  

888 йил (бундан 1136 йил олдин) – тарихчи Наршахий (899–959) нинг қайд этишича, сомонийлар сулоласига мансуб ака-укалар: ўзини бутун Мовароуннаҳр бошлиғи деб билган Самарқанд ҳокими Наср ва ўзидан тахминан бир ёш катта акасига итоат этмай қўйган Бухоро ҳокими Исмоил ўртасида уруш бошланди. Жангда Исмоил Сомоний ғалаба қозонди. Унинг акаси Амир Наср эса мағлубиятга учради.  

Бир гуруҳ хоразмликлар Амир Насрга етиб олиб, уни ўлдирмоқчи бўладилар. Бироқ ака-укаларнинг отасига ҳам хизмат қилган сипоҳсолор хоразмликларни тўхтатиб қолади. Ушбу сипоҳсолор гарчи ғолиб томонга хизмат қилса-да, отдан тушиб мағлуб амирнинг узангисини ўпади. Сўнгра ушбу вазият ҳақида Исмоил Сомонийга хабар бериш учун одам юборади.  

Бу ерга етиб келган Исмоил мағлуб бўлган акасидан кечирим сўрайди ва авф тилайди. Сўнгра Наср Самарқандга қайтиб кетади. Исмоил Сомоний ғолиб келганига қарамай, акасининг ҳокимиятини тортиб олмайди. Исмоил ўзининг энг яқин кишиларини акаси Насрни кузатиб қўйиш учун юборади. Амир Наср бу воқеадан қарийб тўрт йил ўтиб вафот этади. У бутун Мовароуннаҳр ерларига амир Исмоилни ноиб қилиб тайинлади ва бошқа биродарини ҳамда ўз ўғлини ҳам унинг фармонига бўйсундирди.  

1858 йил (бундан 166 йил олдин) – минглар сулоласига мансуб ака-укалар: Қўқон хони Худоёрхон ва ундан тахминан бир ёш катта акаси Маллахон ўртасида Сомончи қишлоғи яқинида жанг бўлиб ўтди. Унда Қўқон хони Худоёрхон тор-мор бўлди. Натижада у кам аскар билан Қўқонга қочиб келиб, хон қароргоҳида яширинди. Маллахон келиб Қўқонни қамал қилди.  

1907 йил (бундан 117 йил олдин) – Қуддус Муҳаммадий тахаллуси билан ижод қилган болалар шоири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Қуддус Муҳаммадиев таваллуд топди (вафоти 1999 йил).  

1914 йил (бундан 110 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева таваллуд топди (вафоти 1991 йил). У “Келинлар қўзғолони” спектаклида яратган Фармонбиби, “Суюнчи” фильмида яратган Анзират каби роллари билан машҳур.  

1928 йил (бундан 96 йил олдин) – замонавий ўзбек насри ривожига салмоқли ҳисса қўшган адиблардан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров таваллуд топди (вафоти 2010 йил). Унинг асарлари нафақат Марказий Осиё давлатлари ҳудудида, балки узоқ хорижий мамлакатларда ҳам севиб мутолаа қилинади.  

1934 йил (бундан 90 йил олдин) – математик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Тўхтамурод Жўраев таваллуд топди (вафоти 2009 йил). У 1992–1995 йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) ректори лавозимида фаолият юритган. 1995–2000 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Президенти бўлган. Бир қанча халқаро академиялар ва халқаро жамиятлар аъзоси. 1972 йилда Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати. Тўхтамурод Жўраев 1996 йилда “Дўстлик”, 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган.  

1941 йил (бундан 83 йил олдин) – жануби-ғарбий фронт таркибидаги 353-тоғ ўқчи полки жангчиси Қўчқор Турдиев ўртоқлари билан разведкага, сўнгра “тил” олиб келишга юборилди. Отишмада барча ўртоқлари ҳалок бўлган Қўчқор Турдиев душманнинг бир ДЗОТ, 9 аскар ва зобитини йўқ қилиб, 3 тасини асирга олиб келди ва фронт қўмондони С.К.Тимошенкога буйруқ бажарилгани ҳақида хабар берди. Бу жасорати учун Қўчқор Турдиев Қаҳрамон унвонига сазовор бўлди.  

1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Коммюнике имзоланди.  

2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президентининг таклифига биноан давлат ташрифи билан Туркияга борди. Шавкат Мирзиёевни Туркия Республикаси Президенти саройида расмий кутиб олиш маросими бўлди.  

2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий «яшил» иқтисодиёт таксономиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади