Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: Бухоро хонлиги тахтини топширган Абдулазизхон ҳаж сафарига йўл олади
09:12 / 2021-02-02

Ватанимиз тарихидаги 2 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1680 йил (бундан 341 йил олдин) – ҳижрий 1091 йил муҳаррам ойининг биринчи кунида (милодий 1680 йил 2 февраль) аштархонийлар сулоласидан бўлган эллик беш ёшли Субҳонқулихон Қарши шаҳрида турганида хонлик даражасига кўтарилди. Тарихчи Муҳаммад Юсуф Муншийнинг ёзишича, кексайиб қолган Бухоро хони Абдулазизхон укаси Субхонқулихонга Бухоро хонлиги тахтини топшириб, ўзи ҳаж сафарига жўнайди.

1876 йил (бундан 145 йил олдин) – Петербургда сафарда бўлган Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман генерал-губернаторлик маркази Тошкент шаҳрига телеграмма жўнатиб, унда Қўқон хонлиги йўқ қилиниб, унинг ўрнида маркази Янги Марғилон шаҳри бўлган Фарғона вилоятини ташкил қилишни буюрди.

1918 йил (бундан 103 йил олдин) – “Қозоли мусулмон театр тўгараги” томонидан ўзбекча-татарча спектакль намойиш этилди. Спектаклга томошабинлар шунчалик кўп тўпланган эдиларки, чипталар етишмаганидан одамларни киритиш учун назорат маркаларидан ҳам фойдаланилган. Шу куни олинган 470 рубль 14 копеек соф фойда тўгарак ихтиёрида қолдирилган.

1923 йил (бундан 98 йил олдин) – давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Заҳро Раҳимбобоева таваллуд топди (вафоти 1992 йил). У 1947–1950 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бўлим мудири, 1950–1951 ҳамда 1956–1963 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби лавозимларида ишлади.

Дастлаб 1954–1955 йилларда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган бўлса, икки бора – 1963–1967 ҳамда 1981–1986 йилларда Ўзбекистоннинг маданият вазири бўлди.

1929 йил (бундан 92 йил олдин) – “Ўзбекистон ССРнинг шаҳар ва шаҳар пунктлари рўйхатини тузиш тўғрисида” қарор қабул қилинди. У ҳуқуқий жиҳатдан шаҳарлар мақомини белгилаш борасида қўйилган дастлабки қадам бўлди. Қарорга асосан шаҳарлар рўйхати тузилиб, унга 15 га яқин шаҳарлар киритилди.

2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади