Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 5 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
07:26 / 2021-06-05

1404 йил (бундан 617 йил олдин) – Самарқандга – Амир Темур саройига отланган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо Эрондаги Хой шаҳрига етиб келди. Испан элчиси бу ерда Амир Темур учун совға-саломлар ортилган ўн бештача туя билан йигирмага яқин суворий қўриқчилигида йўлга чиққан мамлуклар султони Насриддин Фараж элчиларини ҳам учратди. Улар Амир Темурга атаб олтита туяқуш ва битта жирафа олиб бормоқда эдилар.

Клавихо ўз кундалигида жирафани қуйидагича таърифлайди: “Жирафанинг гавдаси от гавдасига тенг, бўйни жуда дароз, олдинги оёқлари кейингисига нисбатан анча узун, оёғи ҳўкизникига ўхшаш қўштуёқ эди... Узун бўйнини истаганча чўзиб, беш-олти метр баландликдан ҳам ўзига емиш топа оларди. Жирафа ўзи хуш кўрадиган баланд дарахтларнинг баргларидан озиқланади. Хуллас, биринчи бор кўрган киши учун жирафа ҳақиқатан ҳам ғаройиб ҳайвон эди”.

1494 йил (бундан 617 йил олдин) – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳижрий ҳисобда ўн икки ёшида, ҳалок бўлган отаси – Фарғона вилояти ҳокими темурийзода Умаршайх мирзонинг ўрнига Фарғона тахтига ўтқизилди.

1892 йил (бундан 129 йил олдин) – жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспринский Туркистон генерал-губернатори барон Вревскийга ўлкадаги мактаб ва мадрасаларни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган мазмунда хат билан мурожаат қилди. Ушбу хатида Гаспринский маҳаллий мактабларда ўқитиш тартибларини соддалаштириш, ибтидоий мактабда олти йилда бериладиган билимни 2 йилда амалга ошириш, шу йўл билан тежаб қолинган йилда эса мусулмонлар турмуш тарзи ва мактабига дахл қилмаган ҳолда рус тилини ўқитишга сарфлаш масаласини қўйди.

Тарихчи Алишер Исоқбоевнинг қайд этишича, Туркистон генерал-губернатори Вревский хатни ўрганиб чиқишни ўлкадаги маориф “фидойилари” Остроумов ва Наливкинга топширган. Масалани ўрганиб чиққан Остроумов ва Наливкин Гаспринский таклифларини қатъиян рад этган. Генерал-губернатор Вревский билан ёзишмалардан наф чиқмагач, Гаспринский шахсан ўзи Туркистон сафарига отланган.

2004 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида Тошкент шаҳрида Конфуций номли институтни ташкил этиш тўғрисида шартнома имзоланди. 2005 йил 7 майда Тошкентда мазкур институтнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

2008 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон» анжуманлар саройини қуриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2014 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Дўрмон» миллий боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади