1914 йил (бундан 107 йил олдин) – “Садои Туркистон” газетасида Чўлпоннинг “Адабиёт надур?” деб номланган мақоласи чоп этилди. Унда Чўлпон адабиётнинг ижтимоий моҳияти тўғрисида фикр юритди ва “Адабиёт яшаса – миллат яшар”, деган ғоя орқали умумбашарий хулосани берди, адабиётнинг янги эстетик тамойилини тақдим этди.
Уни ёзганида Чўлпон 16 ёшда эди. Мақола шаклан ихчам бўлса-да, мазмуни ғоят теран. 16 яшар ўсмирнинг адабиёт ҳақида шундай тийраклик билан фикр юритиши чиндан ҳам унинг юксак истеъдодидан далолат беради.
1919 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистонда озиқ-овқат диктатураси жорий қилинди. Бу ҳолат Туркистон аҳолисини, айниқса, унинг қишлоқ меҳнаткашларини бениҳоя оғир аҳволга солиб қўйди. Негаки, у совет ҳокимияти органларига аҳоли қўлидаги жами ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини зўрлик билан тортиб олиш, ғалла билан олди-сотди қилишни тақиқлаш, бозор савдосини ёпиб қўйишга қадар кескин чоралар кўришга имкон берарди. Советларнинг бундай чегарабилмас озиқ-овқат сиёсати кўплаб маҳаллий аҳолининг бор-будидан маҳрум бўлиб, янада қашшоқлашиб боришига сабаб бўлди.
1925 йил (бундан 96 йил олдин) – “Шарқ юлдузи” киноширкати ташкил этилди. Тарихчи Барно Ўнгбоеванинг қайд этишича, ушбу киноширкат – кинофабрика, киноателье деб ҳам номланган. “Шарқ юлдузи” киноширкати Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Эшонқул масжидига жойлашган. У дастлаб асосий фильмларни ижарага бериш, кинотеатрларнинг репертуари каби фаолият билан шуғулланиб келди.
1926 йил (бундан 95 йил олдин) – Туркистон фронти тугатилиб, унинг асосида Ўрта Осиё ҳарбий округи ташкил этилди. Марказнинг ҳарбий штаби ва асосий тузилмалари Тошкент шаҳрида жойлашди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўрта Осиё ҳарбий округи фашизмга қарши кураш тугагач, 1945 йил 9 июлда Дашт ва Туркистон ҳарбий округларига ажратилган.
1939 йил (бундан 82 йил олдин) – актриса, хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Наима Пўлатова таваллуд топди. У, асосан, лирик қаҳрамонлар ижрочиси бўлиб, севги санамларининг изтироблари, уларнинг ички кечинмаларини ҳам драматик, ҳам мусиқий талқинда томошабинга моҳирона етказиш, оналарга хос мушфиқу-меҳрибонлик, бардошлик, унинг психологик ва драматик ҳолатини ифодалашда ўзига хос ижроси билан ажралиб туради.
1945 йил (бундан 76 йил олдин) – “Фронт ҳақиқати” газетаси “Қизил Юлдуз” ордени билан мукофотланди. Ўзбек миллий фронт матбуоти Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак даражада фаолият кўрсатганини таъкидлаш жоиз.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси Асиллик даражаси палаталарининг Европа уюшмасига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди.
2012 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида «МЭИ» миллий тадқиқот университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади