1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси Мунавварқори бошчилигида 12 май куни очилган Мусулмон Халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг олий таълим босқичи – Мусулмон Дорилмуаллими ташкил этилди.
Бироқ шўролар сиёсий ва ижтимоий муҳитнинг мураккаблиги ва Россиядаги сиёсий воқеаларни рўкач қилиб, 5 йиллик ўқишга мўлжалланган дорилмуаллиминни фақат 4 ойлик мусулмон ўқитувчилари курслари билан чегаралаб қўйди. Дорилфунуннинг “Халқ дорилфунуни” номли газетаси биринчи сонининг чиқиши ҳам айни шу кунда юз берди.
1945 йил (бундан 76 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ботир Бобоевга Қаҳрамон унвони берилди. Бу хабарни у мағлуб бўлган Берлин шаҳрида олди. У бўлиб ўтган жанг майдонларида Ўзбекистоннинг шон-шарафини таратган мардонавор жангчиларнинг энг яхши хислатларини ўзида мужассам қилган эди. Урушнинг узоқ вақт чўзилган ва машаққатли бутун йўлини у жанг олишувларида ўтказди.
Унинг бўлинмаси Берлин йўлидаги дарёларнинг охиргиси – Одер дарёсини биринчилар қаторида жанг билан кечиб ўтди. Бу бўлинма дарёнинг ғарбий соҳилидаги кичикроқ истеҳкомда ўн марта қарши ҳужумга ўтди. Бобоев бўлинмасининг гвардияси тўпчилари душман взводини яксон қилиб, бир танк ва икки ўзиюрар тўпни ёндириб юборди. Фашистлар батальони шу бўлинма снарядларининг зарбалари остида яксон бўлди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Уставини тасдиқлаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади