Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 3 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
08:22 / 2021-09-03

1560 йил (бундан 461 йил олдин) – тарихчи олим, академик Бўрибой Аҳмедовнинг қайд этишича, Балх ҳокими, шайбонийларнинг олий хони Пирмуҳаммадхон Тохаристоннинг йирик шаҳарларидан бўлган Толқон (Толиқон) билан Қундуз устига қўшин тортди. Тарихий манбаларда бу юришнинг натижа-оқибати ҳақида аниқ бирор нима дейилмаган.

1870 йил (бундан 151 йил олдин) – Бухоро амирлигига таркибидаги Китоб беклиги руслар томонидан босиб олингандан кейин ҳарбий арбоб, маърифатпарвар Жўрабек саройидаги шарқ қўлёзма асарларидан иборат ноёб кутубхона тўлиқлигича қўлга олинганлиги ҳақида Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов Туркистон генерал-губернагорига хабар қилди. Туркистон генерал-губернатори Кауфман бу қимматли қўлёзмалар ҳақидаги хабардан воқиф бўлган заҳотиёқ уларни Санкт-Петербургга – Император халқ кутубхонасига жўнатиш мақсадида 1870 йил 23 сентябрда Абрамовга қўлёзма китобларни Тошкентга, генерал-губернаторлик идорасига юборишни буюрди. 

Хатда жумладан шундай дейилган: “...Сиз жанобларидан барча китобларнинг фехристини тузиб, менинг идорамга юборишингизни сўрайман. Мабодо жаноб Александр Кун қўлёзма асарларнинг ҳеч бўлмаса энг муҳим нусхаларини қисқача баён қилиб берса, жуда фойдали бўлар эди. Кейин бу китобларнинг ўзи қисқача баёни билан халқ кутубхонасига жўнатилади”. Генерал Абрамов генерал Кауфманнинг талабини ортиғи билан бажарди. У Жўрабек саройи забт этилганда фақат ўзи тортиб олган қўлёзма китобларидан ташқари, Александр Кун томонидан Шаҳрисабзда йиғилган қўлёзма асарларни ҳам қўшиб жўнатди. 

1919 йил (бундан 102 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Туркистон республикаси вилоят адлия раҳбарларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой кун тартибидаги асосий масала судья ва терговчиларни ҳарбий сафарбарликдан озод этишга қаратилган эди.

1958 йил (бундан 63 йил олдин) – Навоий кон-металлургия комбинатига пойдевор қўйилиши билан Навоий шаҳрига асос солинди. Комбинат Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида жойлашган 5 та кон бошқармаси ва улар негизида қурилган Навоий, Советобод (ҳозирги Нуробод), Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари, Мурунтов, Красногорск, Зафаробод, Шалқар шаҳарчаларига асос солган. 

1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Респбликасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.

1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси орденлари ва медалларининг тасвирлари ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн учинчи сессиясига тақдим этилган орденлар тасвирларининг муқобил вариантларидан кўпчилик депутатлар томонидан маъқулланган қуйидаги тасвирлар асос учун қабул қилиниши қайд этилган: “Ўзбекистон Қаҳрамони” ордени – тасвир муаллифи Р. Дадулагов; “Мустақиллик” ордени – тасвир муаллифи З. Турдалиева; “Мардлик” ордени – тасвир муаллифи А. Мамажонов. 

1998 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейи олдидан тошкентлик Мурод Қосимов дунё бўйлаб велосипедда уч йиллик сафарга жўнади.

2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Миллий академик драма театри жамоаси ўзининг янги қурилган муҳташам биносида илк мавсумини Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмаси билан бошлади.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади