English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 3 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
09:10 / 2021-06-03

1910 йил (бундан 111 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Самсонов Россия империяси Ташқи ишлар вазиридан маслаҳат сўрайди. Маслаҳат мазмуни қуйидагича эди.

Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II нинг соғлиғи ёмонлашиб, тез-тез касал бўлиб тургани сабабли Туркистон генерал-губернатори Самсонов Россия империяси Ташқи ишлар вазиридан Хива хони вафот этган тақдирда қандай йўл тутиш ҳақида: хоннинг ўғли Асфандиёрхонни валиаҳд сифатида хон деб тан олиб, тартибсизликларни бостириш керакми ёки шу баҳонада хонликни империя таркибига қўшиб олиш лозимми, деб маслаҳат сўради.

Тарихчи олим Неъмат Полвоновнинг қайд этишича, вазирнинг жавоб хатида Туркистон генерал-губернаторига хонликдаги бошқарув тартиби сақланган ҳолда Асфандиёрхонга ислоҳотлар ўтказиш лойиҳасини таклиф этиш ва унинг бажарилишини талаб қилиш вазифаси юклатилди. Шу сабабли ҳам Туркистон генерал-губернатори Амударё бўлими бошлиғига агар Муҳаммад Раҳимхон II вафот этса, подшо ҳукумати номидан Асфандиёрхонни Хива хони деб тан олиш ва тартибсизликлар вужудга келса, ҳарбий куч билан бостириш ҳамда янги хондан мамлакатда ислоҳотлар ўтказишни қаттиқ талаб қилиш топширилди.

1913 йил (бундан 108 йил олдин) – ҳуқуқшунос олима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Хадича Сулаймонова таваллуд топди (вафоти 1965 йил). У 1954–1955 йилларда Тошкент юридик институти ректори, 1956–1959 йилларда Ўзбекистон ССР Адлия вазири, 1959–1964 йилларда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети ҳузуридаги Адлия комиссияси раиси лавозимларида ишлаган. 1964 йилдан то умрининг охирига қадар Ўзбекистон ССР Олий суди раиси бўлган.

Олиманинг илмий ишлари жиноят ҳуқуқи, хусусан, Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик фанининг вужудга келиши ва ривожланиши, хотин-қизлар ҳуқуқи масалаларига бағишланган. У Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтини (1958), республика Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертизаси илмий-тадқиқот институтини (1959) ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлган.

1943 йил (бундан 78 йил олдин) – Наманган вилояти туманларида Иккинчи жаҳон уруши даврида озод этилган Қабардин–Болқар меҳнаткашларига юбориш учун китоб тўплаш ташкил этилди. Вилоят кутубхоналари жамғармаларидан 4 минг 725 та китоб тўпланди.

1991 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент молия институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди.

1997 йил (бундан 24 йил олдин) – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Тошкент–Берлин–Тошкент янги ҳаво йўлини очди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади