Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 19 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
10:24 / 2021-05-19

1410 йил (бундан 611 йил олдин) – Темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзо Ўтрор ноиби, Амир Темурнинг собиқ лашкарбошиси Шайх Нуриддин исёнини бостириш учун салтанат пойтахти Ҳирот шаҳридан йўлга чиқди.

Мазкур воқеани тарихчи Фасиҳ Аҳмад Хавофий қуйидагича қайд этади: “Олий Ҳазрат хоқон табаррук муҳаррам ойининг ўн тўртинчи кунида (милодий 1410 йил 19 майда) Самарқанд томонга кўрнамак Шайх Нуриддин кўтарган қўзғолонни бостириш учун жўнади. Марв номли жойга Самарқанд зодагонларининг, улар шаҳарни сақлаётганлари тўғрисидаги баённомаси келди”.

1937 йил (бундан 84 йил олдин) – кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Али Ҳамроев таваллуд топди. У ўзининг “Ёр-ёр”, биринчи ўзбек фильм-операси “Дилором”, “Лайлак келди, ёз бўлди”, “Қизил қум” каби фильмлари билан танилган.

1938 йил (бундан 83 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Назар Тўраев таваллуд топди. У 1983–2000 йилларда Термиз университети ректори бўлган. Назар Тўраев назарий физика масалаларини компьютерда алгоритмлаб ечишни Ўзбекистонда биринчи бўлиб амалга оширган. Унинг раҳбарлигида лазер нури билан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини нурлантириш илмий лабораториялари ташкил этилган. У 1998 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўзининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетини зиёрат қилди ҳамда университетнинг фахрли талабаси сафига қабул қилинди.

2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академиясида Республика Фанлар академияси фаолиятини эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш масалалари юзасидан умумий йиғилиш бўлиб ўтди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятидаги “Нуриллабой” тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади