Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 18 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
10:40 / 2021-06-18

1037 йил (бундан 984 йил олдин) – жаҳон фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўртаосиёлик буюк қомусий олим Ибн Сино 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.

У Европада Авиценна номи билан машҳур бўлган. “Медицина” атамаси унинг табиблик маҳорати (мадади Сино)дан олинган. Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади.

Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, урушлар, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан бири, холос. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган.

1391 йил (бундан 630 йил олдин) – душанба куни Қундузча (ҳозирги Самара билан Чистополь оралиғидаги Кондурча шаҳарчаси) мавзесида Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасида жанг юз берди. Амир Темур биринчи марта ўз лашкарини шу пайтгача қўлланмаган “етти қўл” тартибида тузди. Қарши тарафда Тўхтамишхон ҳам ўз сипоҳини беш қўлга бўлиб, уларга Дашти Қипчоқнинг номдор саркардаларини бошлиқ қилиб, саф чекиб турди.

Амир Темур йирик жанг олдидаги одати бўйича лашкарни саф торттириб кўрикдан ўтказади ва руҳий ҳужум тактикасини кўллайди: лашкарига чодир ва ўтовларини тутишни буюради. Ўзи эса бу пайт икки ракаат намоз ўқиб олади. Бунинг ҳаммаси душманни ҳайратда қолдириб, донг қотириб қўяди. Ундан ташқари, у ерда ҳозир бўлган Саййид Барака бир ҳовуч майда тош териб, “Йаағи (душман) қочти!” деб, душман тарафига улоқтиради. Жанг Амир Темур ғалабаси билан тугади. Душман тамомила енгилиб, тор-мор бўлди.

1821 йил (бундан 200 йил олдин) – Хива хони томонидан Дўстимбий ва Бекижонбек Бухорий бошчилигидаги ўзбек, ёвмут, човдур ва йимроли қабилалари вакилларидан иборат етти минг кишилик катта ҳарбий гуруҳ Бухоро чоповулига талон-торож қилиш учун юборилди. Улар Қораҳожи устидан юриб Қоракўлни чопмоқ (таламоқ) учун Қандаҳор қумига кирадилар ва ташналикдан 40 киши, шу жумладан Жаҳонгирбек Бухорий ва Қутлуғмурод юзбоши ҳам ҳалок бўлади.

1982 йил (бундан 39 йил олдин) – Ўзбекистон Халқ артисти, Халқаро Жавоҳарлал Неру ва Жамол Абдул Носир мукофотлари лауреати Мухтор Ашрафий уй музейи очилди. Музей Ашрафийнинг 1969–1975 йилларда яшаган уйида жойлашган бўлиб, унда Ашрафийнинг 30 йил давомидаги композиторлик, дирижёрлик ишлари, педагогик фаолиятини акс эттирадиган экспозициялар ўрин олган. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, санъат арбобига тегишли китоблар, унинг қўлёзмалари, асарлари, хонадон буюмлари ташриф буюрувчиларда Ашрафийнинг ҳаёт фаолияти ҳақида кенг маълумот беради.

1989 йил (бундан 32 йил олдин) – узоқ муҳокамалар, турли таклифлардан сўнг Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг лойиҳаси матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун эълон қилинган кундан бошлаб икки ой муҳокама этилиши белгилаб қўйилди.

2008 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат техника университетида кадрлар тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан, Тошкент давлат авиация институти тугатилиб, унинг негизида Тошкент давлат техника университетининг Авиация факультети ташкил этилди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

ЎзА