English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 17 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
13:58 / 2021-06-17

1842 йил – Бухоро амири Насруллоҳ фармони билан ўзининг сурбет қилиқлари ва димоғдорлиги, мутакаббир ва калондимоғлиги, шарқона дипломатия қоидаларини назар-писанд қилмаганлиги (Арк олдидан от миниб ўтиши, расмий қабул маросимида ўзини тута олмаслиги ва бошқалар) оқибатида зиндонга ташланган инглиз полковниги Чарлз Стоддарт ва бошқа бир инглиз зобити Артур Конолли Бухоро шаҳрида қатл қилинди.

Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, Бухоро уламолари ҳар икки инглиз зобитига улар ислом динини қабул қилишса, гўстоҳликлари кечирилиши ва ўзлари тирик қолишларини айтишганда, инглиз зобитлари рад жавобини беришган. Инглиз эмиссарларининг ўлдирилиши Амир Насруллоҳнинг Европа давлатлари, хусусан, Англия билан муносабатлари дарз кетишига сабаб бўлди.

1865 йил – Тошкент шаҳри Михаил Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари томонидан қаттиқ қаршиликдан кейин эгалланди. Шаҳар қурол кучи билан олингач, Черняев 17 июнда Бешёғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхонтоҳур даҳаларининг оқсоқолларини чақирди. Музокарада Тошкент қозикалони Ҳакимхўжа, Абулқосим эшон, Солиҳбек додхоҳ ва шаҳарнинг бошқа нуфузли кишилари иштирок этди. Черняев халқаро доирада ўз хатти-ҳаракатларини оқлаш мақсадида гўёки Тошкент ихтиёрий равишда таслим бўлди ва аҳоли тинчлиги учун тошкентликлар ўзлари Россия аскарларига унинг дарвозаларини очиб берди, деган хатни император номига ёзишларини талаб қилади.

Оқсоқоллардан 9 нафари шаҳарни «ихтиёрий равишда топшириш» тўғрисидаги сулҳни имзолашга мажбур бўлишди. Жаҳон оммаси бу хатнинг мазмунидан хабардор бўлиши учун подшо ҳукумати томонидан барча чоралар кўрилган эди. Бундай сохта хат ёзилишига қарши бўлган Солиҳбек додхоҳ, Абулқосим эшон, Ҳакимхўжа сингари ватанпарварлар Сибирга сургун қилинган. Шу билан Тошкент подшо ҳукумати ихтиёрига ўтиб, Туркистон ўлкасининг ҳарбий, сиёсий ва маъмурий марказига айлантирилди.

1919 йил – Туркистон Республикаси ҳукумати қози ва бий судларини тугатиш ҳақида қарор қабул қилди. Қарорга асосан 1919 йил 1 августга қадар барча қози ва бий судлари тугатилиб, маҳаллий аҳоли мурожаатлари ҳам совет судларида кўриладиган бўлди.  

Тарихчи Дилшод Камоловнинг қайд этишича, бундан кейин маҳаллий аҳоли орасидан сайланган совет судьялари янги қонунчиликка асосан иш юритиши, баъзи ҳолларда совет қонунларига зид бўлмаган шариат ва одат нормаларини қўллаши мумкин эди. Халқ судьялари вилоят кенгаши ҳам рус ва мусулмон бўлимларига бўлинди.

1928 йил – онколог-радиолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Наримон Муродхўжаев таваллуд топди. Унинг асосий илмий ишлари радиология, ички аъзолардаги хавфли ўсмаларни радиоактив моддалар ёрдамида аниқлаш ва даволаш, шунингдек, нур билан даволашга оид. У 1998 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.

1942 йил – Бекободда металлургия заводи қуриш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Уни бажаришга 30 мингдан ортиқ киши жалб этилиб, 1944 йил 5 мартда Ўзбекистоннинг биринчи металлургия заводи ишга туширилди. 1945 йил февралда эса Бекобод металлургия заводининг иккинчи навбати ҳам маҳсулот бера бошлади.

1946 йил – ранг-тасвир устаси, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Жавлон Умарбеков таваллуд топди. Унинг ижоди серқирра, мавзуга бойлиги, услубий ранг-баранглиги билан диққатга сазовор. У 2002 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси Олтин медали билан мукофотланган.

2004 йил – Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Унда икки асосий масала – хавфсизлик ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича музокаралар бўлди. Бутун дунёда террорчилик кучайгани, ядровий, кимёвий, биологик, электрон террорчиликни молиялаштирадиган марказларга қарши кескин кураш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

2019 йил – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019–2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

2020 йил – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади

ЎзА