1422 йил (бундан 599 йил олдин) – Амир Темур вафот этган чоғда ўрдагоҳда бўлмаганлиги туфайли қонуний валиаҳд ҳисобланса-да тахтга чиқолмаган темурийзода Пир Муҳаммад Мирзонинг бешинчи ўғли Бузанжар Мирзо 21 ёшида вафот этди.
У ҳеч қаерда ҳукмронлик қилмаган. Темурийлар ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзо саройида хизмат қилган. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Бузанжар Мирзонинг вафотини эшитган Шоҳруҳ Мирзо, дарҳол унинг масканига бориб, сағир қолган болалари ва бева қолган хотинига ҳамдардлик билдирган.
1844 йил (бундан 177 йил олдин) – “Мунтахаб ут-таворих” асари муаллифи Муҳаммадҳакимхон Тўранинг маълумотига кўра, Шералихон ҳижрий 1260 йил шаъбон ойининг бошида жума куни Муродхон томонидан қатл қилинди. Шунда у 55 ёшда бўлган, 2 йил ва бир ойу 25 кун хонлик қилган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Олимхоннинг ўғли Муродхон 9 кунлик хонликдан кейин 23 август куни қипчоқлар қўлида Мусулмонқул ва Муҳаммадназарбек раҳбарлигида ўлдирилган. Шералихоннинг ўғли Худоёрхон 24 августда тахтга кўтарилган. Худоёрхон уч маротаба Қўқон тахтига ўтирган.
1877 йил (бундан 144 йил олдин) – Тошкентда ташкил этилган Тошкент шаҳар Думасига сайловлар бошланди. 30 августда унинг очилиши бўлиб ўтди. Думада Сирдарё ҳарбий губернатори бошчилигида махсус ҳайъат тузилиб, у сайловчилар рўйхатини тузиш, шаҳар жамоатчилик бошқарувига сайлов ўтказиш бўйича иш олиб борди. 4 йилда бир марта ўтказиладиган сайловда 25 ёшга тўлган фуқаролар, асосан, савдогарлар, йирик корхоналар ва уй эгалари иштирок этганлар. Тошкент шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида Дума раиси ҳам бўлган.
1910 йил (бундан 111 йил олдин) – Хива хони, шоир ва бастакор Муҳаммад Раҳимхон II Феруз юрак фалажидан вафот этди. 1908 йилда Муҳаммад Раҳимхон II Феруз пайғамбар ёшига тўлгани сабабли, элга катта тўй берган эди. Орадан икки йил ўтиб, хон 66 ёшида дунёдан ўтди. Унинг жасади Саййид Муҳаммад Моҳирўйи Жаҳон мақбарасига дафн қилинди. Тахтда 47 йил 15 кун ўтирган Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон шубҳасиз Хива хонлиги тарихида ўчмас из қолдирган давлат арбобларидан бири эди.
1939 йил (бундан 82 йил олдин) – ёзувчи, драматург, публицист, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов таваллуд топди (вафоти 2020 йил). Унинг адабий фаолияти 60-йилларда бошланган. “Тил – тақдир демак”, “Ватан туйғуси” (ҳамкорликда), “Бизким, ўзбеклар” каби бадиий ва сиёсий публицистик асарларида тил, кўҳна миллий давлатчилигимиз тарихи акс эттирилган. У 1999 йилда “Меҳнат шухрати” ордени билан мукофотланган.
1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.