1913 йил (бундан 108 йил олдин) – бастакор, созанда, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммаджон Мирзаев таваллуд топди (вафоти 1999 йил).
У қашқар рубобининг моҳир ижрочиси сифатида унинг оммавийлашуви ва репертуарининг бойишига катта ҳисса қўшган. Бастакорлик фаолиятида янгича талқин йўлларини кашф этиб, ўз мактабини яратган санъаткорлардан. У басталаган мусиқалар ўзининг нафислиги, оҳангдорлиги, мазмуни ва ёрқин миллий руҳи билан ажралиб туради.
1950 йил (бундан 71 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллуд топди. У 1991–1994 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси бўлган. Усмон Азим ўзбек шеъриятининг уфқини кенгайтириб, насрий шеърлардан бармоқ вазнигача бўлган турли вазнларда ижод қилади. Айни пайтда у ҳам тарихий, ҳам психологик драмалар, ҳам оғзаки ва ёзма адабиёт намуналари асосида замонавий саҳна асарларини ярата олиш истеъдодини намойиш этди. У 1998 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.
1954 йил (бундан 67 йил олдин) – Собиқ Иттифоқ ҳукуматининг «Собиқ қулоқлар ва бошқа шахслардан махсус посёлкалар бўйича чекловларни бекор қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор қарийб чорак аср давом этган «қулоқлар сургуни» барҳам топишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Тарихчи олим Бахтиёр Расуловнинг қайд этишича, қарорга асосан 1929–1933 йилларда ёппасига жамоалаштирилган районлардан сургун қилинган «собиқ қулоқлар»дан чекловлар олиб ташланди.
Қулоқлаштириш (русча «кулачество» – муштумзўр сўзидан олинган) – мустабид совет режимининг бадавлат ва ўрта ҳол деҳқонларни қишлоқ буржуазияси сифатида тугатиш сиёсати ҳисобланади. «Қулоқлар» сифатида рўйхатга олинган бадавлат хўжаликларнинг мол-мулки тўлиқ мусодара қилиниб, уларнинг оилалари ўзга юртлар – Украина, Шимолий Кавказ, Сибир, Қозоғистон, Узоқ Шарқ ва бошқа ерларга сургун қилинган. Совет ҳокимиятига қаршилик қилган «қулоқлар» эса қамоққа олинган ва отиб ташланган. Баъзи маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бу даврда 20 минг «қулоқ» хўжаликлари (тахминан 80 000 – 100 000 киши) бадарға қилинган, улардан 31 700 киши эса қатағонга учраган.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Португалия Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Португалия Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1992 йил 16 январда тан олган.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон телевидениеси тизимида «Телевизион миниатюралар театри» ижодий бўлими ташкил этилди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади