Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 10 июль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
08:07 / 2021-07-10

1747 йил (бундан 274 йил олдин) – ҳижрий 1160 йил ражаб ойининг иккинчи кунида (милодий 1747 йил 10 июль) Бухоро хонлиги тахтига Абулфайзхоннинг ўн икки ёшли ўғли Абдулмўмин ўтқизилди. У ҳеч қандай ҳокимиятга эга бўлмай, бутун ҳокимият амалда унинг қайнотаси Муҳаммад Раҳимбийнинг қўлида эди. Бухоро хонлигида Абдулмўминхоннинг ҳукмронлиги 1751 йилгача давом этди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Абулфайзхоннинг етти фарзанди бор эди. У маст чоғида уларни ўлимга маҳкум этади. Ҳали гўдак бўлган Абдулмўмингина тахт остига яшириниб, омон қолади. Отаси Абулфайзхон бош вазир Муҳаммад Раҳимбий томонидан ўлдиртирилгач, тахтга ўтирган Абдулмўминхоннинг тақдири ҳам отасиники каби якун топади.

1918 йил (бундан 103 йил олдин) – адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Маҳмудали Юнусов таваллуд топди (вафоти 1985 йил). Унинг асосий илмий иши ўзбек шеъриятида традиция ва новаторлик муаммосига бағишланган. У Элбек, Боту, Шокир Сулаймон каби қатағон этилган ёзувчилар ҳаёти ва ижодини биринчилардан бўлиб ўрганган ва улар номини рўёбга чиқаришга салмоқли ҳисса қўшган.

1923 йил (бундан 98 йил олдин) – композитор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Абдураҳим Муҳамедов таваллуд топди (вафоти 1980 йил). Унинг ижодида мусиқали комедия ва қўшиқ жанрлари асосий ўрин эгаллаган. Куйлари ўзбек мусиқа мероси анъаналарига таянган, ўзига хос интонацион-ритмик услуби билан ажралиб туради.

1934 йил (бундан 87 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Жавлон Ҳамроев таваллуд топди (вафоти 1997 йил). У – Раззоқ Ҳамроевнинг ўғли. Фаолияти давомида 40 дан ортиқ фильмда суратга тушган. Кучли драматизм, психологик теранлик, давр қарама-қаршиликларини ифодалашда катта истеъдод, фикр ва ҳиссиётлар тўлқини унинг ижодига хос.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Нидерландия Қироллиги билан дипломатия муносабатларини ўрнатди. Нидерландия Ўзбекистон суверенитетини 1991 йил 31 декабрда тан олган.

2013 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ZiyoNET” таълим ахборот тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.

ЎзА