1806 йил (бундан 215 йил олдин) – тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, “Хони шаҳид” (“Шаҳид хон”) номи билан тарихга кирган манғитлар сулоласининг еттинчи ҳукмдори Амир Насруллоҳ Баҳодурхон таваллуд топди. У Бухоро шаҳрида Амир Ҳайдарнинг хонадонида дунёга келди.
Бу ҳақда машҳур аллома Аҳмад Дониш ўзининг “Таърихи салтанати манғития” асарида ёзиб ўтган.
Амир Насруллоҳ ўз ҳукмронлиги даврида ислом шариати кўрсатмаларига қатъий амал қилган. Насруллоҳ жасур ва довюрак киши бўлганлиги боис унга “баҳодир”, “ботир” унвонлари берилган. У давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида уруғ ва қавм бошлиқлари бўлган кўплаб амалдорларни қуйи табақалардан чиққан ёш ва ғайратли кишилар билан алмаштирган.
Насруллоҳ ҳарбий соҳада ҳам ислоҳотлар ўтказиб, ўз қўшинининг жанговар ҳолатини яхшилади. У Хива ва Қўқон хонликларини Бухоро атрофида бирлаштиришга уринди.
1892 йил (бундан 129 йил олдин) – Туркистон генерал-губернаторлигининг Жиззах уездида вабо касали пайдо бўлди. Шу муносабат билан вилоят ҳарбий губернаторининг фармони асосида Сирдарёнинг чап қирғоғидаги Чинозда, яъни Тошкентдан 65–70 километр узоқликдаги жойда тиббиёт пункти очилди. Бу ерда вабога чалинган бир неча кишилар касалхонага ётқизила бошланди. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг қайд этишича, бу вақтда Туркистон ўлкасидаги ниҳоятда оғир ҳаёт, Россия империяси ҳукуматининг ободончилик ва соғлиқни сақлашга эътибор бермаслиги орқасида турли касалликлар кучайиб бораверди. Айниқса, вабо касалининг пайдо бўлиши фожиали бўлди.
1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2010 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади