English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун тарихи: 1 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни
11:14 / 2021-08-01

1806 йил (бундан 215 йил олдин) – ҳижрий 1221 йил жумодалаввал ойининг 16 куни (милодий 1806 йил 1 августда) шоир, тарихнавис, таржимон, хаттот ва маърифатпарвар Мунис Хоразмий акаси Муҳаммадниёз мироб ҳалокатидан сўнг (у хон Элтузар билан бирга сувга чўккан эди) мироблик мансабига кўтарилди.

 Мунис вафотигача шу мансабда бўлиб, қолган 32 ўзбек қабилаларидан тайинланган амалдорлар билан хон ҳузурида бўлган. Аслида мироб – сув ва суғориш тизимини назорат этувчи амалдор сифатида фаолият кўрсатиши лозим эди. Бироқ Мунис маълумотларига қараганда, Хоразмда мироб кўпинча хон юришлари ва овларида доим унга ҳамроҳлик қилиб юрган аҳли узангилардан бирига айланган.

1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Самарқандда икки юз мусулмон ишчилари қатнашган мажлисда “Мусулмон заҳматкашлар иттифоқи”ни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Мазкур иттифоқнинг раиси этиб Абдулқаюм Ширинбой ўғли сайланди. Тарихчи олим Саидакбар Аъзамхўжаевнинг таъкидлашича, Самарқанд “Иттифоқ”и аъзолари эски мансабдорларни ишдан олиб ташлаш, ҳокимиятнинг янги органларини сайлаш, халқнинг турмуш тарзини яхшилаш, унга сиёсий ҳуқуқлар бериш талаблари билан чиқишган. 

1926 йил (бундан 95 йил олдин) – ёзувчи ва журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мақсуд Қориев таваллуд топди (вафоти 2010 йил). Унинг журналистик фаолияти 50-йилларнинг бошларида, адабий фаолияти эса 60-йилларнинг 2-ярмида бошланган. У, шунингдек, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” дарслиги муаллифларидан бири. Мақсуд Қориев 1996 йил “Шуҳрат” медали ва 1998 йил “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

1927 йил (бундан 94 йил олдин) – ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Шавкат Ўразаев таваллуд топди (вафоти 2006 йил). Унинг илмий ишлари давлат ва ҳуқуқ назарияси, Марказий Осиё ва Ўзбекистонда миллий давлатчиликнинг вужудга келиши ҳамда ривожланиши масалаларига бағишланган. У республикада юридик фанларининг ривожига ва юқори малакали ҳуқуқшунослар тайёрлашга муайян ҳисса қўшган. 

1939 йил (бундан 82 йил олдин) – 270 километр узунликдаги Катта Фарғона каналини қуриш ишлари бошланди. У 45 кунда умумхалқ ҳашари йўли билан қуриб битказилган. Бу канал Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларидан ўтган бўлиб, Ўзбекистоннинг 32 та пахтакор туманларини, 5 шаҳрини, Тожикистоннинг 4 та туманини сув билан таъминлай бошлаган. Бу қурилишга Ўзбекистондан 160 минг аҳоли жалб қилинган.

2005 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилиниши ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилиши белгиланди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Самарқанд шаҳридаги Шоирлар боғида атоқли халқ бахшилари Ислом шоир Назар ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Муҳаммадқул Жомурод ўғли – Пўлкан шоирнинг реставрация қилинган ҳайкаллари очилиш маросими бўлиб ўтди. 

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади. 

ЎзА