English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
КУН ТАРИХИ: Журъат ва жасоратда иккинчи Рустам дея таърифланган темурийзода
08:33 / 2020-11-08

Ватанимиз тарихидаги 8 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1415 йил (бундан 605 йил олдин) – темурий шаҳзода Умаршайх Мирзонинг ўғли, Ҳамадон ва Луристоннинг йигирма икки ёшли ҳокими Бойқаро Мирзо июнь ойида Шерозни эгаллаб олгач, унга қарши амакиси Шоҳрух Мирзо бошчилигида етиб келган кўшин олдига қалъадан чиқиб таслим бўлди. Шоҳруҳ Мирзо унинг гуноҳини авф этди. Тарихий маълумотларга қараганда, Бойқаро Мирзо ҳусн ва тароватда иккинчи Юсуф, журъат ва жасоратда эса иккинчи Рустам бўлган.

Мазкур таслим бўлиш воқеасини тарихчи Абдураззоқ Самарқандий қуйидагича қайд этган: “Мирзо Бойқаро шанба куни кечаси, бешинчи рамазонда (8 ноябрда) шармсор ва хижил ҳолда Шероздан ташқари чиқиб (хоқони саиднинг) қўлини ўпиш шарафига етишди ва онҳазрат (Шоҳрух Мирзо) унинг хатоларини афв этаги билан ёпиб, ўтган ишдан кечди; оммага ибрат учун ёсога етказилган икки-уч кишидан бўлак ҳеч бир жон бирор жарима билан жазоланмади. (Хоқони саид) у мамлакат аҳолисига иноят назари билан қараб, айбдорлик аломатини,... уларнинг тириклиги чеҳрасидан ўчирди”.

1492 йил (бундан 528 йил олдин) – Абдураҳмон Жомий Ҳирот шаҳрида вафот этди (таваллуди 1414 йил 7 ноябрда). Унинг мотамига доир барча тадбирларга Алишер Навоий бош-қош бўлди. Буларнинг тафсилоти Навоийнинг “Хамсат ул-мутахаййирин” (“Ҳайратланганлар хамсаси”) асарида келтирилган. Улуғ шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомийнинг порлоқ хотираси асрлар давомида авлодлар қалбида яшаб келмоқда.

1909 йил (бундан 111 йил олдин) – адабиётшунос олим, академик Наим Каримовнинг қайд этишича, шу куни Фарғона вилояти ҳарбий губернатори маҳкамасига хуфялардан Хива хонлиги ҳақида махфий хат келди. Мазкур махфий хатда ёзилишича, “Асфандиёр тўранинг қардошларидан бўлган Саид Муҳаммад Юсуфжон Хўжаевнинг маълумот беришига кўра, Хива хони (яъни Муҳаммад Раҳимхон II) ўзига валиахд қилиб илгари катта ўғлини белгилаган.

Унинг қўли остида 400 кишилик отлиқ аскари бўлган ва у қайси бир масалада отасидан ранжиганлиги сабабли шу аскарлари ёрдамида отасини ўлдириб, тахтни эгалламоқчи бўлган. Бироқ бундан ўз вақтида хабар топган хон катта ўғлининг валиахдлик мансабини бекор қилиб, уни сарой ишларидан узоқлаштирган, маслаҳатчиларини ўлдириб, валиахдлик мартабасига эса Асфандиёр тўрани тайин қилган.

Номаълум хуфянинг сўзларига қараганда, Асфандиёр тўра яхши ишчи одам бўлишига қарамасдан, халқ ичида унинг нуфузи оз, халқ хоннинг катта ўғлини яхши кўрган. “Хоннинг бошқа болаларидек, Асфандиёр тўра ҳам соф хонлар қонидан бўлмоғи билан баробар жуда кучсиз, касал... киши”.

1922 йил (бундан 98 йил олдин) – тарихчи Ҳ. Жўраеванинг маълумот беришича, шу куни Бухоро Арки мажмуидаги музейнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ерда тарихимизнинг турли даврларидан хабар берувчи экспонатлар ўрин олган.

Мазкур маросимда Бухоро ҳукумати раиси ўринбосари Отахўжа Хўжаев: “Бухорода бир музахона (музей) очилишини кўрмак, илк буюк тилакларимиздан биридир. Бу кун шу муқаддас тилагимизнинг вужудга чиқишини кўриб жуда хурсанд бўлдик”, – деган сўзларни айтган. Маориф нозирининг муовини М.Махзум эса: “Музахона бир тарихдир. Музахона бир дарсдан иборатдир. Бир миллатнинг авлоди шуни томоша қилиб боболарнинг аҳволидан дарс ўқур”, – деган фикрларни билдирган.

1994 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд давлат чет тиллар институтини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

1999 йил (бундан 21 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим” имзоланди.

2002 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Банклар ассоциациясида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси очилди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади