Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
КУН МАВЗУСИ: Қорақалпоғистон можаросининг 22 нафар иштирокчисига якуний суд ҳукми ўқилди (+видео)
21:26 / 2023-01-31

Бугун, 31 январ куни Бухоро вилоят судида 2022 йилнинг 1-2 июл кунлари Нукусда оммавий тартибсизликларда айбланган 22 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Мазкур иш Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизлик бўйича қуйидаги шахсларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди: Саламат Калилаев 3 йилга; Нурлан Султамуратов 3 йилга; Пўлат Нурниязов 4 йилга; Қаҳарман Сейтимов 5 йилга; Бердақ Генжебаев 5 йилга; Саипназар Калимов 6 йилга; Арислан Темирханов 6 йилга; Полат Шамшетов 6 йилга; Амирбек Адилбеков 7 йилга; Бахтияр Кадирбергенов 7 йилга; Сейдабулла Медетов 7 йилга; Нурлан Найипов 7 йилга; Разбек Бекмуратов 8 йилга; Султанбек Каипов 8 йилга; Даўлетмурат Джиемуратов 8 йилга; Байрам Сейтниязов 8 йилга; Аллабай Тоқимбетов 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. 

Қуйидаги фуқароларга эса озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, суд залидан озод қилинди: Азамат Нуратдинов 4 йил 5 ой 17 кун; Ахмет Сметуллаев 4 йил 5 ой 8 кун; Азамат Турдановга 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил 5 ой 5 кунга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, Лолагул Каллиханова 3 йил синов муддати билан шартли равишда жазо белгиланди ва қамоқдан озод қилинди. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1V6vGEeAXHo" title="КУН МАВЗУСИ: Қорақалпоғистон можаросининг 22 нафар иштирокчисига якуний суд ҳукми ўқилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Маҳкумнинг хулқи доимий назоратда бўлади. Агар судланганлар томонидан синов шартлари бузилса, яъни, шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузиб, унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса, суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Давлетмурат Тажимуратовга суд 16 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. 

У уюшган гуруҳ ташкил қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг амалдаги ҳукуматини ағдариб, ўзини Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тайинлаш мақсадида жорий йилнинг 1-2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда айбланган. Прокурор судда Тажимуратовга 18 йил беришни сўраган. Бундан ташқари, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 256 миллион сўми қоплангани инобатга олиниб, қопланмаган 6,5 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарни судланганлардан солидар тартибда ундириш белгиланди. 

Ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни Даулетмурат Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлган, хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди. Озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, суд залидан озод қилинган икки нафар фуқаро эса ўз миннатдорлигини билдирди.

ЎзА