Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кун келиб, музокара столига ўтирилади
13:35 / 2022-12-06

Бугун, 6 декабрга режаланган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Украинадаги гуманитар вазият кўриб чиқилади.

АҚШ ҳокимияти кейинги ойларда Украина қўшинларининг НАТО кучлари билан тезкор ҳамкорлиги юқори даражага кўтарилди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Давлат котибининг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Робин Данниган айтиб ўтди. Унинг баёнотига кўра, “Вашингтон, кўп бор такрорлаганидек, НАТОнинг “очиқ эшиклар” сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Бу Украинага ҳам тегишли”.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Россияга қарши санкцияни қайта кўриб чиқиш керак, деб баёнот берди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ҳамкорлик масаласи бўйича давлат котиби Тамаш Менцер мамлакат Украина ҳарбийларини қайта тайёрлашда иштирок этмайди, деди.

“Биз уруш эмас, тинчлик тарафдоримиз”, дея қўшимча қилди у.

- Украина бўйича халқаро трибунал ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда”, деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен “The Wall Street Journal” нашри уюштирган матбуот анжуманида. - Муҳими Украина зарур бўлган тақдирда айбдорларни жазолаши лозим. Биз, шунингдек, исбот ва ахборот тўплаш бўйича халқаро жиноят суди интилишини қўллаймиз.

Шунингдек, Блинкен Украина зиддияти Москва ва Киев ўртасидаги тинчлик музокараси натижасида ҳал бўлишини айтди.

“Қачонлардир дипломатия, музокара ишлайдиган шундай бир кун келади”, деб қўшимча қилди у.

БМТ Бош котиби вакили Стефани Трембленинг айтишича, трибунал тузиш талаби билан боғлиқ резолюция лойиҳаси бўйича халқаро ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида музокара олиб борилмоқда. Украина мудофаа вазири Алексей Резников ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин телефон орқали мулоқотда Украина Қуролли кучлари ҳаво мудофаасига қарши тизимини кучайтириш масаласини кўриб чиқди.

Молдова парламенти раиси Игорь Гросу Россиянинг Украинадаги ҳаракатини оқлаётган фуқароларга қарши чора кўриш зарурлиги тўғрисида гапирди. “ProTV” бу ҳақда иқтибос келтирди.

АҚШ ва ЕИ Украинани тиклаш, мамлакат инфратизими хавфсизлигини таъминлашга бундан кейин ҳам ёрдам беришни давом эттиради. Бу ҳақда Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ ва ЕИ савдо ва технология бўйича кенгаши йиғилишида гап борди. Аксарият мамлакатлар АҚШ ва иттифоқчиларнинг Украинадаги можарога нисбатан қарашини қўлламайди, деб ёзиб чиқди “Newsweek” шарҳловчиси Дэниэл Депетрис.

“Турли давлатларнинг ўз манфаати бор, “қўлни қайириш – мажбурлаш билан” иш битмайди. Вашингтон ҳам халқаро муносабатнинг бу тамойилини эсдан чиқармаслиги керак”, деган у.

Аброр ХОН, ЎзА