КУН ҚАҲРАМОНЛАРИ: “Доғули вирус”га қарши кураш осон кечмади
Коронавирус бутун дунёни жиддий хавотир солди.
Коронавирус бутун дунёни жиддий хавотир солди. Юртимизда бу вирус аниқланган дастлабки кунлардан бошлаб, унга қарши кескин кураш тадбирлари ишлаб чиқилди. Айниқса, тиббиёт ходимлари “жанг майдони”да саросимага тушмади.
Улар касбига содиқ қолиб, инфекцияга чалинган беморларни туну кун даволаш муолажаларини олиб боришди. Натижада эса бу дарддан фориғ бўлганлар сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида барча беморлар тўлиқ соғайиб, хавфли вирусдан ҳоли ҳудудга айланди.
Биринчи бўлиб Ёзёвон туманида коронавирусга чалинган бемор аниқланган бўлиб, унинг зарбасига қарши қаттиқ курашилди. Соғайиб кетган беморлардан бири “доғули вирус”, деб тавсифлаган инфекциянинг бу турига бас келиш осон кечмади. Унга қарши курашда бор куч ва имкониятлар ишга солиниб, кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлашга тўғри келди. Вилоят ҳокимлигининг амалий ёрдами, умуман, тегишли барча идора ва хизматларнинг тезкор ҳаракатлари, бир сўз билан айтганда, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш муваффақият гарови бўлиб хизмат қилди. Энг муҳими, кўрилган тезкор чоралар ҳамда шифокорлар, ҳамширалар жасорати боис асосий вазифа – туманда коронавирус тарқалишининг олди олинди. Натижада, вирус чекинди.
Туманда кучайтирилган карантин тартиби эълон қилинди. Ўша кунларда кўчаларда биронта одамни учратиб бўлмасди. Уйда қолиш орқали бу балога қарши курашишга ёрдам бериш мумкинлигини аҳоли яхши тушуниб етди. Бугун эса қишлоқларда ҳаёт яна изга тушмоқда.
– Туманимизда тезкор штаб тузилди, жадал суратларда 30 ўринли госпитал ташкил этилиб, вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан барча зарур дори-дармон ва асбоб-ускуна билан таъминланди, – дейди Ёзёвон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Дониёржон Абдуллаев. – Коронавирус жами 17 нафар кишида аниқланган бўлиб, уларнинг 14 нафари иккита қариндош оила вакиллари, икки нафари эса ҳамшира бўлиб, барчаси соғайиб кетган ва ҳозирги вақтда диспансер ҳисобида турибди. Албатта, биз бутун куч ва имкониятларимизни коронавируснинг тарқалиб кетмаслигига йўналтирдик.
Бир нафар бемор – вирусни оила аъзолари ва қариндошларига юқтирган 58 ёшли М.Т. вафот этди. Марҳума Умра сафаридан Тошкентга самолётда коронавирус аниқланган Қирғизистон фуқароси билан бирга қайтган. 5 март куни Ёзёвонга етиб келган, 13 март куни эса ўғилларидан бири даволанган Зангиотадаги “Никомед” хусусий клиникасида бўлиб, ўша ерда таҳлил ўтказилган. Маълумот учун бу шифохонанинг эгаси 11 март куни Франциядан коронавирусга чалинган ҳолда қайтиб келганлигини айтиб ўтиш жоиз. 14 март куни уйга қайтгач, М.Т. ўзини беҳол сезган. Касал бўлиб қолганидан сўнг аввал туман, аҳволи оғирлашганидан кейин эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанган. Афсуски, у барча муолажалар асосида даволанишига қарамай, оламдан ўтди. Гап шундаки, бемор ҳаётлигида ўпка сурункали обструктив касаллиги, гипертония ва камқонликдан азият чеккан.
Туман санитария-эпидемиология осойишталик марказининг жамоаси ҳам инфекцияни жиловлашга катта ҳисса қўшди.
– Бир ой жамоамизнинг марказда ҳам ишлаб, ҳам яшашига тўғри келди, юзага келган вазият айнан шуни тақозо этганди, – дейди марказ бош врачи Маъмуржон Сиддиқов. – Ҳеч ким уйга кетмади, кетишни ҳаёлига ҳам келтирмади, акс ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиб бўлмасди. Иложи борича тезкор ҳаракат қилишга уриндик, барча зарур чораларни кўриб, белгиланган тадбирларни ўз вақтида ўтказдик.
Марказ томонидан амалга оширилган ишлардан қуйидаги факт ва рақамлар ёрқин далолатдир. Вирус аниқланган фуқаролар билан мулоқотда бўлган 2 минг 344 нафар киши изоляция қилиниб, карантинга олинган. Covid-19 ни аниқлаш мақсадида 4,5 минг нафардан ортиқ шахслардан намуна олиниб, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази вирусология лабораториясига таҳлил учун юборилган. Инфекция тарқалишига чек қўйилишининг ишончли йўли –дезинфекция, яъни зарарсизлантириш 72 минг 481 та хонадонда 2-4 мартадан, вирус аниқланган хўжаликларда эса 5 мартагача ўтказилди. Бу ишларга 100 нафар киши жалб қилинди.
Ёзёвонлик тиббиёт ходимларининг улкан хизматлари шундаки, улар “доғули вирус” олдида эсанкираб қолмай, бу вирус тарқалишининг олдини олиб, коронавирус ўчоғини жойида бартараф қилишди. Бу билан улар юзлаб-минглаб юртдошларимизни бу вирусга мубтало бўлишдан халос этди. Албатта бу замонамиз қаҳрамонларининг меҳнати чинакам жасорат намунасидир.