Кун қаҳрамони: вирусдаги баъзи ҳолатлар бизни ҳам ҳадикка солди
Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 53 кун мобайнида кўринмас ёв билан курашилди.
Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 53 кун мобайнида кўринмас ёв билан курашилди.
Коронавирусга чалинган ҳар бир бемор шифокору ҳамширалардан нажот кутарди.
Баъзида мижжа қоқмаган, уларнинг ҳаётини асраб қолиш учун соатлаб тик турган пайтлар бўлди.
Беморларнинг инжиқликларини гапирмаса ҳам бўлади. Тиббиёт ходимлари фидоийлик билан ишлаб, уларни ҳаётга қайтара олди.
– Нафасим қисиб, дунё кўзимга тор бўлиб кетяпти..
Шифохонанинг реанимация бўлимида ана шу сўз ҳар дақиқада янграрди. Нафас етишмаслиги, йўтал ва иситма беморларни азобларди. Яхшиямки, кислород масаласида умуман муаммо бўлмади. Бўлимда оғир ҳолатдаги 8 нафар бемор даволанди. Бир нафар бемор қўшимча касаллиги борлиги учун вафот этди. Бир аёлни узоқ даволашга тўғри келди. У кечроқ мурожаат қилгани учун шундай бўлди.
Беморлар билан юзма-юз бўлиб, уларнинг дардига шифо бағишлаган инсонлардан бири Бозорбой Султоновдир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг болалар реанимация бўлими анестезиолог-реаниматологи бўлган тажрибали шифокор бу ерда ҳам ўриндошлик асосида 23 йилдан бери ишлаб келмоқда. У ҳамкасблари билан биргаликда коронавирусни юқтириб олган оғир ҳолатдаги беморларни даволади. Дастлабки кунларда даволаш бўйича аниқ йўриқномалар бўлмагани учун қийинчиликлар кузатилди. Кейинчалик эса барчаси изга тушди. Пойтахтдаги малакали шифокорлар, ҳатто хитойлик экспертлар билан ҳам онлайн маслаҳатлар олинди. Бу эса ўз самарасини бериб, беморлар дарддан фориғ бўлишди.
–Беморда вирус қанча эрта аниқланса, оғир ҳолатлар келтириб чиқармайди, – дейди Бозорбой ака. – Биз реанимация бўлимида икки ойлик чақалоқни ҳам даволадик. Инфекцияни тез ривожланиши, юқувчанлиги ҳамда қўшимча касаллиги борларда оғир кечиши бизни ҳадик ва хавотирга солди. Кўпроқ ёшларда енгил кўчди. Беморлар билан мулоқотда уни юқтириб олмасликка ҳаракат қилдик. Бунинг учун барча тиббий ҳимоя воситалари етарли бўлди.
Чартер рейс орқали Туркиядан олиб келинган 46 ёшли тадбиркор аёл Д. Т. таҳлил натижаларига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморларнинг энг оғир тоифасига киритилди. Шу беморнинг ўзига ҳар куни 20 дан ортиқ кислород баллони ишлатилди. Тинимсиз тиббий муолажалар олиб борилади. Аммо руҳий тушкунликка тушиб қолган бемор тинмай тиббиёт ходимларига қаршилик кўрсатади. Коронавирус бутун организмга таъсир кўрсатиб, бемор аёлнинг қони қуюқлашиши натижасида унда қон айланиш тизими бузилди. Қанд касали қўзғалди, юрак-ишемик касали пайдо бўлди.
Кундан кунга руҳий тушкунликка тушаётган бемор шифокорларга бўйсунишни истамайди. Тибий муолажалардан бош тортади. Сўнгги чора сифатида беморни телефон орқали оила аъзолари билан боғлади. Суюкли ўғли билан гаплашган аёлда аста секин ҳаётга қизиқиш, ўзига бўлган ишонч ортиб борди.
Шу тариқа у шифохонада энг узоқ ётган бемор сифатида яқинда уйига кузатиб қўйилди. Кетиш олдидан барча инжиқликлари учун узр сўраб, барча-барчага раҳмат айтди. Бу каби самимий дил сўзларини изҳор қилган беморлар жуда кўп.
Бозорбой Султоновнинг айтишича, шифокорлар ваҳимага тушиб қолган, ҳаётдан умидини узган беморларга ширин сўзи билан ҳам мадад бўлди. Ўзлари «шок»ка тушмаслик учун астойдил курашди. Касбига, қасамёдига содиқлик деб шуни айтишадида.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 июлда қабул қилинган «Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра, Бозорбой Султонов II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланди. Шунингдек, мукофотланганлар орасида мазкур шифохонада меҳнат қилаётган Умидахон Ғофурова, Узейнахон Юнусова ва Моҳира Солижонова ҳам бор. Бу хушхабар бутун жамоани қувонтириб юборди.
Айни кунларда бу ерда одатдагидек иш жараёни давом этяпти. Коронавирус пандемияси даврида вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ўнлаб янги УЗИ-диагностика, сунъий нафас олиш, рақамли рентген аппаратлари билан таъминланди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қисқа муддатда замонавий мезонлар асосида Риштон туманида 2-юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди.
Бугун эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаб, инсонлар саломатлиги учун курашаётган юртдошларимизга тасаннолар айтсак арзийди. Сизларнинг жасоратингиз барчамиз учун ибратдир.

