Паркент туманининг олис, тоғли ҳудудидаги Кумушкон маҳалласида янги электрон кутубхонанинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Паркент туман ҳокими Сардор Исоқулов, “Ipoteka bank” OTP Group Бошқарув раисининг ўринбосари Димитрий Сапронов, вилоят бошқармаси раҳбари Ғанишер Маматқулов, шунингдек, маҳалла фаоллари нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Мазкур кутубхона 500 миллион сўм маблағ эвазига қурилди. Бино зарур мебель жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, интернет тармоғига уланган 12 та замонавий компьютер, 200 дан ортиқ китоб фондига эга. Шунингдек, кенг ва шинам ўқув залида 10 мингдан ортиқ электрон китобларни ўқиш имконияти яратилган.


Очилиш маросимида сўзга чиққанлар янги кутубхона билан йиғилганларни ва маҳалла аҳолисини табриклаб, эндиликда ҳудудда китобхонликни янада оммалаштириш зарурати ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Бу ер кунига 50 нафарга яқин ёшларни қамраб олади. Жараёнда фойдаланувчилар электрон платформалар орқали билимини ошириши мумкин. Махсус ўқув курсларида эса улар компьютер технологиялари ва IT дастурлаш бўйича сертификат олиш имкониятига ҳам эга бўлади. Ҳозиргача шундай типдаги электрон кутубхоналар Жиззах вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларида ишга туширилган.
– Маҳалламизда 14-30 ёшдагилар 814 нафарни ташкил қилади. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун бу каби ташаббуслар жуда катта аҳамиятга эга. Ҳудудимиз туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашгани учун ҳар доим ҳам асосий кутубхонага боришга имкон йўқ эди. Эндиликда улар дарсдан сўнг бу ерда ўзларига керакли билимларни олиши мумкин, – дейди Кумушкон маҳалласи ёшлар етакчиси Мурод Азимбоев.
Тадбир иштирокчилари янги кутубхонадаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Мусаев, ЎзА.