Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кумуш қиш нафаси
12:23 / 2026-01-17

Аср оғиб, шомга яқинлашмоқда.

Жиззах вилоятининг Пахтакор шаҳарчаси қиш сукути бағрида.

Пешиндан сўнг ёққан оппоқ қор кўчаларни, дарахтларни, майдонларни гўё секингина уйқуга кетказаётгандек.

Ҳаво мусаффо.Атрофга борган сари сокинлик чўкмоқда.Йўл чизиқлари қор остида зўрға кўринади, дарахт шохлари эса оппоқ либосга бурканган. 

Майдонлар ва боғлар — қиш чизган табиий манзара.

Кимдир ишдан, яна кимдир мактабдан, бошқаси эса бозордан уйига шошади. Унчалик кўп бўлмасада, автомобиллар ғизиллаб ўтиб турибди.

Мактабдан қайтган болаларнинг уйларига бормай, қулоқчинларини бостириб, қорбўрон ўйнашларидан ҳаво ҳарорати совий бошлаганини сезиш мумкин. Бироқ Пахтакорда ҳаёт тўхтагани йўқ. Ижтимоий ва иқтисодий объектларда ҳали меҳнат қайнамоқда.

Қор курайдиган машина овози — қиш сукутини бироз бузаётгандек.

Бу лаҳзаларда Пахтакорнинг қишги қиёфаси сокин, камтар ва самимий, донишманднома.

Кумуш қиш бу ерда шошқалоқликни эмас, бир зум тўхтаб, атрофга бошқача нигоҳ билан қарашни талаб қилаётгандек. Шу ўринда шоирнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:

Юртим узра бугун оппоқ қор ёғар,
Гўёки осмонда кимдир сут соғар,
Ҳамма ҳайрат билан атрофга боқар,
Боғ, тоғлар оқликка бурканиб ётар.

Яланғоч дарахтлар киймиш оқ либос,
Кўзни қамаштирар мисоли олмос,
Бундан завқланмасдан, қувонмай бўлмас –
Юртим узра бугун оппоқ қор ёғар.

Сочимда, юзимда, қўлларимда қор,
Тўрт томонимда ҳам – йўлларимда қор,
Бутун хаёлимда, ўйларимда қор –
Юртим узра бугун оппоқ қор ёғар.

Аслида қор эмас – ёғар ризқу рўз,
Севинч ёшларига тўлар ногоҳ кўз,
Тиллардан учади "шукур" деган сўз,
Юртим узра бугун оппоқ қор ёғар.


Абдужалол Қаюмов, ЎзА