Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кулолчилик – дунё тан олган санъат
09:35 / 2021-08-28

Ҳунармандлар гапдан кўра ишни маъқул билувчи, ўзига, ҳам эл-юртга нафи тегаётган, миллий анъана ва қадриятларимиз бардавомлигини сақлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган инсонлардир.

Мамлакатимизда миллий ҳунармандликнинг барча турларини асраб-авайлаш, уни ривожлантириш йўлидаги эзгу ҳаракатлар энг мураккаб шароитда ҳам уста ва ҳунармандлар фаолиятини сақлаб қолиш имконини берди. Бу жиҳатлар миллий ҳунармандликнинг барча йўналишлари каби кулолчилик соҳасида ҳам ўз натижасини кўрсатмоқда. Дунё кулолчилигида Ўзбекистон керамика санъати ғоят ўзига хос ва бетакрор ўринга эга, десак янглишмаймиз. Фикримча, бу бетакрорлик қўлигул усталаримизнинг кулолчиликни юксак санъат даражасига олиб чиқа билганида намоён бўлади.

Эътиборга молик жиҳати, мамлакатимиз ҳар бир ҳудудининг бири бошқасини такрорламайдиган кулолчилик мактаблари, анъаналари бор. Санъатшуносларга кўра, ХХ асрдан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида асосий мактаблар ва марказлар ташкил топди. Тошкент, Самарқанд, Ургут, Бухоро, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Каттакўрғон, Денов марказлари мужассамлигидаги Самарқанд-Бухоро мактаби, Риштон ва Ғурумсарой марказларини ўзида ифода этган Фарғона мактаби, Хонқа, Модир қишлоғи, Каттабоғ, Чимбой марказларини ўзида жамлаган Хоразм мактабидир. Ҳар бир марказ ўзига хос маҳаллий хусусиятларини сақлагани, бунда ҳеч бир кулолчилик мактаби бошқасини такрорламаслиги аҳамиятга молик.

Масалан, Риштон кулочилигида сабза, зумрад, мўътадил яшил ранглар, ўта нафис нақшлар устувор бўлса, Ғурумсарой кулолчилигида нақшларнинг анча йириклиги, сарғимтир, жигарранг, оловранглар устуворлигини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, бугунги кунда Риштонда 20 дан ортиқ катта ҳунарманд шунингдек, уларнинг 7 мингга яқин ўқувчиси яшаб, меҳнат қилмоқда. Уста ва ҳунармандларнинг ҳар бири 30 дан 50 оилани иш билан таъминлайди – маҳаллий аҳоли уй-рўзғор буюмларидан тортиб бадиий кулолчилик намуналаригача бўлган тайёр маҳсулотларни уйда бўяш билан шуғулланади. Шундай қилиб, риштонлик кулолларнинг ўзига хос анъана ва кўникмаларига асосланган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари йирик капитал қўйилмаларисиз иш ўринлари ва барқарор даромад билан таъминланмоқда.

Кулолчиликни наинки касб, балки ҳаёт тарзи, умр мазмунига айлантирган уста ва ҳунармандларнинг ижод намуналари ҳатто чет элликлар томонидан ҳам юксак эътироф этилган. Риштонлик Алишер Назиров, тошкентлик Акбар Раҳимов, ғиждувонлик Алишер Нарзуллаев, Ургут мактабининг саккизинчи авлод давомчиси Нўъмон Облоқулов каби усталари ижоди наинки уй-рўзғорни, балки дунёдаги бир қатор музейларни ҳам безаб турибди.

Айтиш жоизки, уста кулолларимиз ҳар йили Президент соврини учун ўтказиладиган "Ташаббус" республика кўрик-танловида муваффақиятли қатнашиб келади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилнинг 23 августида қабул қилинган "Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида"ги қарори кулолчилик анъаналарини асраб-авайлаш, тиклаш ва ривожлантириш, халқаро даражада кенг тарғиб қилиш, кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва унинг экспортини ошириш, уста кулол ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда янги уфқларни очиши тайин.

Назокат Усмонова, ЎзА