Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кучли таъсир қилувчи моддалар савдоси билан шуғулланган дорихона сотувчилари фош этилди
12:37 / 2021-10-21

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати тасдиқланди ва рўйхатга назорат қилинадиган 78 турдаги кучли таъсир қилувчи моддалар киритилди.

Мазкур рўйхатга киритилган, ушбу дори воситаларининг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар ва гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Аммо ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган тартибни қўпол равишда бузаётган дорихоналар ҳам учраб турибди. Бу каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Z.F.” МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С.Ж. ва Р.А.лар фуқаро А.га шифокор рецептисиз, кучли таъсир қилувчи 1 дона “Тропикамид” ва 6 дона “Зардекс” номли дори воситаларини 200 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дорихонадан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 329 дона “Карбамазепин” 45дона “Зардекс” ва 27 дона “Тропикамид”, номли дори воситалари сақланилаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “F.M.” МЧЖга қарашли дорихонада сотувчиси С.Р. хорижда ишлаб чиқарилган 2 дона “Зардекс” номли дори воситасини харидорга 40 минг сўмга сотганлиги аниқланиб, ушбу дорихонадан тегишли ҳужжатлари бўлмаган 101 дона “Зардекс”, 68 дона “Регапен”, 20 дона “Тропикамид” ҳамда С.Р.нинг автотранспорт воситасидан яна 120 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА