Андижон вилояти божхона бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари ходимлари ҳамкорлигида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик фош этилди.
Пахтаобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Х.Ш.га тегишли “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди. Текшириш жараёнида мазкур автомашинада йўловчи сифатида келаётган фуқаро Ф.З.га тегишли бўлган 2 дона қизил рангли полиэтилен қопларга жойланган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 705 миллион 600 минг сўмга тенг 20 минг 160 дона “Regapen 300mg” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича тегишли баённома расмийлаштирилиб, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ўз манфаатини, бойлик топишни ўйлаб, кучли таъсир этувчи дори воситаларини ноқонуний тарзда тарқатишга уринган Ф.З. ўзининг ушбу хатти-ҳаракати нафақат қонунларимизга зид, балки юртдошларимиз соғлиги ва ҳаётига хавф солиши мумкинлигини унутмаслиги керак.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА