English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кучли тадбиркорлик сектори иқтисодиёт ривожини таъминлашда асосий омил бўлиб хизмат қилади
09:43 / 2024-12-22

Бугун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш нафақат иқтисодиёт ривожланишининг асосий омилларидан бири, балки ҳар қандай давлатнинг стратегик устувор йўналиши сифатида эътироф этилмоқда.

Иқтисодиёти барқарор ва муваффақиятли ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, кичик ва ўрта бизнес учун кенг имкониятлар яратиш орқали давлатлар нафақат миллий даромадни оширади, балки янги иш ўринлари ташкил этиш, инновацияларни жорий қилиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга эришади.

Масалан, Германия иқтисодиётининг “Mittelshtand” модели кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали узоқ муддатли барқарорлик ва юқори ишлаб чиқариш натижаларига эришган. Жанубий Кореяда эса тадбиркорликнинг инновацион йўналишларини ривожлантириш ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири сифатида қаралгани сабабли бу мамлакат иқтисодиёти глобал рақобатда пешқадамликни қўлга киритган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, уни давлат тараққиётининг марказий омилларидан бирига айлантириш мақсад қилинган.  Бугун Президентимиз раислигида тадбиркорликни ривожлантириш, молиялаштириш ва 2025 йилга мўлжалланган устувор режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда 2024 йил давомида эришилган натижалар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгилаб берилди.  

Президентимиз таъкидлаганидек, кейинги йилларда иқтисодиётимизда пул айланмаси сезиларли даражада кўпайди. Бу жараён банк тизими барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча молиявий манбалар яратишда муҳим асос бўлди. Жорий йилда корхоналарнинг банклардаги маблағлари 107 триллион сўмга, аҳоли омонатлари эса 105 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткичлар банк тизимига ишонч ошиб бораётгани ва унинг миллий иқтисодиётдаги роли янада мустаҳкамланаётганини кўрсатади. 2025 йилда тадбиркорларга ажратиладиган кредитларнинг миқдори 300 триллион сўмдан ошиши режалаштирилган. Бунинг доирасида кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ҳажми 120 триллион сўмга етказилади.  

Бу, айниқса, янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашда, инновацион лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Давлат мулкини хусусий секторга ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам тадбиркорлик ривожига кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Жорий йилда тадбиркорларга 11,5 триллион сўмлик давлат мулки ва 4 минг гектар ер сотилган бўлса, янги, 2025 йилда яна 4,5 мингта объект ва 6 минг гектар ер хусусий тадбиркорларга ажратилади. Шунингдек, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида давлат ва хусусий шериклик асосида йўллар сақланишини хусусий секторга бериш кўлами кенгайтирилади.  

Экспортни ривожлантириш мақсадида келгуси йилда 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун пахта-ғалла ерларини қисқартириш орқали ажратиладиган майдонларда саноатлашган плантациялар ташкил этилади. Шунингдек, замонавий музлаткичлар, қадоқлаш цехлари қуриш ва янги технологияларни жорий қилиш учун субсидиялар ажратилиши белгиланмоқда.  

Қайд этиш жоизки, партиямиз тадбиркорликни ривожлантириш ва соҳа вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос ёндашувга эга. Бу борада Сайловолди дастуримизда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий манфаатларини кафолатли таъминлашга йўналтирилган бир қатор амалий таклифларни илгари сурганмиз.

Жумладан:  

“Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқ тўловчилар томонидан тушумни яширишнинг олдини олиш ва нақд пулсиз савдо-сотиқни кўпайтириш мақсадида уларга қўлланадиган молиявий санкциялар (жарималар) миқдорини қатъий белгилаш, бунда жарималар уларнинг тушумига боғлиқлигини бартараф этиш” таклифи:

Бу, бир томондан, тадбиркорликда шаффофликни таъминласа, иккинчи томондан, молиявий санкцияларнинг тушум ҳажмига боғлиқлигини бартараф этиш орқали адолатли ёндашувни таъминлайди. Ишончли ва аниқ қоидаларга асосланган молиявий муҳит тадбиркорлар фаолиятининг барқарорлигига замин яратади.  

“Тадбиркорларга мажбурият юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали жорий қилиш” таклифи:  

Тадбиркорларга мажбурият юклайдиган қоидалар фақат қонунлар орқали жорий этилиши, давлат органлари томонидан маъмурий тартибларни суиистеъмол қилишнинг олдини олади. Бу ёндашув тадбиркорлик соҳасида ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлайди ва бизнес муҳитининг ишончлилигини оширади.  

“Божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш, имтиёзларни шахсларга эмас, аниқ соҳаларга берилишини таъминлаш” таклифи:

Партиянинг бу борадаги ташаббуси тадбиркорликни айрим имтиёзлардан воз кечган ҳолда, соҳага асосланган ривожланиш йўлига ўтказишга қаратилган. Бу нафақат иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлайди, балки тадбиркорлик йўналишида коррупция хавфини камайтиради.  

Йиғилишда белгиланган режалар ва партиянинг юқоридаги таклифлари мамлакатимизда тадбиркорликни барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, кичик бизнесга ажратиладиган кредитлар улушининг 40 фоизга оширилиши ва 1 миллион гектар ерларда саноатлашган плантацияларни ташкил этиш нафақат ички бозорда, балки экспорт йўналишида ҳам катта имкониятлар яратади.  Ҳа, кучли тадбиркорлик сектори иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилдир. Шундай экан, мамлакатимизда ҳам тадбиркорликка янгича ёндашув келажакда ривожланишнинг янги босқичига чиқиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.  

Робахон МАХМУДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси