Куни кеча ижтимоий тармоқларда Шеробод туманида барпо этилаётган қуёш фотоэлектр станциясида кучли шамол туфайли қуёш панелларига зарар етгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат бўйича Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди:
– Мазкур ҳодиса жорий йилнинг 28 январь куни юз берган ва у ижтимоий тармоқларда 30 январь куни тарқалди. Бу воқеага турли муносабатлар билдирилгани кузатилди. Ойдинлик киритадиган бўлсак, шамол табиат ҳодисаси ва унинг таъсирида ҳар қандай ҳолатлар кузатилиши мумкин.
Содир бўлган вазият юзасидан аввалроқ Шеробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам муносабат билдирди.
Айтиш керакки, мазкур лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компанияси томонидан 100 фоиз хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда ва унга Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Лойиҳа ишга туширилгач, шартнома асосида 25 йил муддат мобайнида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш кўзда тутилган.
Мазкур фотоэлектр станцияси ҳудудида содир бўлган кучли шамол туфайли ҳали тўлиқ ўрнатилмаган қуёш панелларининг 91 донаси ерга тушиб кетган. Ҳозирги вақтда уларнинг техник ҳолати ўрганилмоқда ва яроқли панелларни ўрнатиш ишлари кетмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, лойиҳа доирасида 1 миллионга яқин қуёш панелларининг ўрнатилиши кўзда тутилган. Қурилиш жараёнига икки мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли жалб қилинган.
Қурилиш жараёнида қуёш панелларининг яроқсиз ҳолатга келиши мумкинлиги эътиборга олинган бўлиб, қўшимча қуёш панеллари захира сифатида олиб келинган.
Маҳаллий жамоатчилик фаолларидан ижтимоий тармоқларда нотўғри ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликларини илтимос қиламиз, – деди Ҳ.Тошхўжаев.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА