Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – Конституцион норма сифатида белгиланди
18:31 / 2023-12-05

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, жамиятнинг барча қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияларида ҳам ижтимоий соҳаларда бошланган излоҳотларни изчил давом эттириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш масалалари алоҳида йўналиш сифатида белгиланди.

Натижада, биргина таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришларга эришилди. Жумладан, болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилга нисбатан (27,7 фоиз) 2,5 баробарга кўпайиб, 71,8 фоизга, мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 211 тадан 29 420 тага кўпайди. Мактаблардаги малакали олий маълумотли ўқитувчилар сони 81,8 фоиздан қарийб 90 фоизга, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи эса, 9 фоиздан 38 фоизга етказилди.

Шунингдек, аҳоли саломатлиги учун соғлиқни сақлаш соҳасига бюджетдан ажратиладиган маблағлар 7,3 триллион сўмдан 24,7 триллион сўмга, шифокорларнинг ўртача ойлик маоши 1 131,2 минг сўмдан 3 282,7 минг сўмга, тиббиёт соҳасидаги ОТМлар сони эса 7 тадан 9 тага, хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 4 000 тадан 7 049 тага оширилди.

Бу каби ўзгаришларни, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тоза ичимлик суви етказиб бериш, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш каби йўналишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Энг муҳими ушбу ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар жорий йил апрель ойида бўлиб ўтган умумхалқ референдуми орқали илк бор мамлакатимиз бош қонуни Конституциямизда ҳам акс эттирилди.

Хусусан, Конституцияда Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгилаб қўйилди. Инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланди. Конституциянинг 14-моддасида давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга ошириши белгиланган бўлса, 43-моддада давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўришга масъуллиги белгиланди. 

Шунингдек, Конституцияда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши кафолатланди.

Яна бир муҳим ўзгариш, шахснинг суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддатда ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (“Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди.

Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробарга, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар эса 4 баробар кўпайтирилди.

Албатта, ижтимоий ҳимоя кафолатлари ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жараёнда қонунийликни таъминлаш борасидаги ўзгаришлар 2017 йилдан бошлаб қонунларимизда акс эттириб борилмоқда. Аммо, айрим ўз ваколати ва мажбуриятларини етарли даражада англаб етмаган давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қонунлардаги нормаларнинг турли хилда талқин этиб қўлланилиши айрим ҳолатларда жамиятда адолат мезонининг бузилишига, фуқароларнинг ҳақли эътирозлари келиб чиқишига сабаб бўлаётган эди.

Эндиликда, “инсон – жамият – давлат” тамойилининг Бош қомусимизда белгилаб қўйилиши мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ҳуқуқлари унинг ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида бир хил эканлигининг таъминланишига хизмат қилади.

Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА