Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кучли ижтимоий ҳимоя тизимининг амалдаги ифодаси
13:58 / 2025-09-17

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш Янги Ўзбекистон давлат сиёсатида етакчи ўрин тутади.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди:  

– Аёлларимиз турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Масалан, 2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Аёлларнинг давлат бошқаруви ва парламент фаолиятидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизлар давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлмоқда.

Бунда, соҳага оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларда хотин-қизларга шароит яратишга қаратилган асослар, муҳими, уни амалга оширувчи давлат органлари тизими яратилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Оила, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат бошқаруви органи – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. Қўмита ва унинг жойлардаги ҳудудий тармоқлари орқали ҳар бир маҳаллага, хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди.

Хусусан, маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилгани, уларга давлат хизматчиси мақоми берилгани, ваколатларининг кенгайтирилгани мамлакатимизда ҳар бир аёлга  эътибор қаратиш имконини яратди.  

Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида “Аёллар маслаҳат кенгаши” жамоатчилик тузилмаси ташкил этилди.

2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинди.

Шу ўринда хотин-қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оила вакилларининг олий маълумотли бўлишлари ва касбий кўникма олишлари борасида имкониятлар яратилганига тўхталиб ўтсак. Уларни давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига қабул қилиш тизими жорий этилди. Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қиз ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларига тест синовлари натижаларига мувофиқ контракт асосида ўқишга қабул қилинмоқда.  

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилиши учун ҳар йили давлат бюджетидан камида 200 миллиард сўм ажратилмоқда.  

Халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик асосида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, Жаҳон банкининг 2,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағи ҳисобидан Фарғона вилоятининг Фурқат, Учкўприк, Ёзёвон, Қўштепа ва Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал, Фориш, Зомин туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган чекка қишлоқлардаги 58 нафар аёлни иш билан таъминлаш, 3,5 минг нафарини тадбиркорликка ўқитиш, 350 нафарининг бизнес-режаларини молиялаштириш чоралари кўрилмоқда.

Дарвоқе, "Аёллар дафтари" ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашишда муҳим омил бўлмоқда. Чунки, ушбу тизим орқали минглаб эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ижтимоий-молиявий аҳволи яхшиланиб, ўзини тутиб олишига кўмаклашилмоқда.  

Бу тизим Президентимиз таъкидлаганидек, “аёлни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик” йўлида яхши самара бермоқда.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими негизида “Маҳаллада ижтимоий хизмат” автоматлаштирилган махсус электрон модули ишлаб чиқилди. 17 миллион нафардан зиёд хотин-қизлар ҳақида тўлиқ маълумотларни қамраб олган “Xotin-qizlar.uz” платформаси, 17 йўналиш ва 138 маълумот базасини ўз ичига олган “Хотин-қизлар баланси” яратилди.  

Бу тизим орқали аёлларнинг муаммоларини тезкор аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллаларда комплекс ёндашув асосида оилаларнинг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва ушбу хизматларни  кўрсатиш амалиёти барча ҳудудларда жорий этилаётир.  

Бир сўз билан айганда, буларнинг барчаси Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ижтимоий давлат асосларининг амалда ўз ифодасини топаётгани исботидир.  

Н.Абдураимова, ЎзА