ФОТОРЕПОРТАЖ
Самарқанд ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослашган спорт мактабида стол тенниси бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон Кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси тақвим режасига мувофиқ ўтказилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 24 жамоада 220 нафар иштирокчи кубок учун беллашди. Иштирокчиларнинг 95 нафари хотин-қизлардан иборат.
[gallery-16828]
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақанинг эркаклар ўртасидаги баҳснинг финал босқичида Тошкент вилояти жамоаси мезбон Самарқанд вилояти жамоаси устидан ғалаба қозониб, ғолибликни қўлга киритди. Эркаклар ўртасида Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳри жамоалари учинчи ўринни қўлга киритди. Хотин-қизлар ўртасидаги финал баҳсида ҳам Тошкент вилояти жамоаси Андижон вилояти жамоасидан устун келди. Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри жамоалари аёллар ўртасида учинчи ўриндан жой олди.
– Мусобақа кўтаринки руҳда ўтди, - дейди Тошкент вилояти аёллар жамоаси сардори Марҳабо Магдиева. – Бу галги мусобақа муросасиз баҳсларга бой бўлди. Хусусан, финал ўйинларида андижонлик қизлар жиддий қаршилик кўрсатди. Аммо, якунда тажрибамиз қўл келди ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритдик. Бу баҳслар бизга жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида ўтадиган Марказий Осиё чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Мазкур чемпионат стол тенниси бўйича Париж олимпиадасига йўлланма олиш имконияти мавжудлиги билан алоҳида аҳамиятга. Насиб бўлса, чемпионатда ҳам ижобий натижалар учун ҳаракат қиламиз.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА