Халқаро молия тизимига криптовалюта, биткоин, блокчейн технологиялари каби атамалар кириб келганига анча вақт бўлди. Баъзан матбуотда айрим мамлакатлар ушбу жараённи қонунийлаштиргани, крипто биржалар аллақачон фаолият юритаётгани ҳақида ҳам ўқиб қоламиз. Бинобарин, крипто валюта келажак молиявий муомаласида асосий воситага айланади, дейишга ҳали бироз эрта, деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўп. Бундай қарашга биринчи бўлиб АҚШ ҳукумати барҳам бермоқчи.
– Мамлакат крипто валютани келажакнинг молиявий тизими, деб билади ва ушбу восита мамлакат ташқарисида эмас, балки АҚШнинг ўзида ривожланишини таъминлаш ниятида, – дейди Америка Президенти томонидан сунъий интеллект ва крипто валюта соҳасидаги сиёсат учун масъул этиб тайинланган инвестор Дэвид Сакс. – Охир-оқибат, биз биткоин ва крипто валюта ишга туширилиши ҳаётий ҳақиқат эканини кўряпмиз. Бу ҳодиса айнан Қўшма Штатларда содир бўлишини хоҳлаймиз, чунки жараён чегарадан чиқиб кетишини хоҳламаймиз. Аслида Байден маъмурияти даврида кузатилган бу янгилик оффшорга, бошқа мамлакатларга олиб чиқиб кетилган. Биз молиявий инқилобни АҚШда содир бўлишини истаймиз.
Лас-Вегасда бўлиб ўтган крипто валютани ривожлантириш ва блокчейн технологиясини жорий этишга бағишланган “Bitcoin-2025” конференциясида сўзга чиққан Сакс қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар сунъий интеллект ва крипто валюта саноатига “қувват” бериш учун энергия ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириши керак. Трамп сиёсати эса қазиб олувчи саноат, жумладан нефть ва газни рағбатлантириш, шунингдек энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.
Ўз навбатида, Президент Дональд Трамп мамлакат учун стратегик крипто валюта захирасини яратиш тўғрисидаги фармонни эълон қилиб, ижтимоий тармоқ саҳифасида янги крипто валюта захираси “Cardano” (ADA), “Solana” (SOL), “Ripple” (XRP) каби валюталарни ўз ичига олишини таъкидлади.
– Қўшма Штатларнинг стратегик крипто валюта захираси Байден маъмурияти томонидан йўл қўйилган кўп йиллик коррупция ҳолатидан сўнг асосий саноатни юксалтиради, – деб ёзди Трамп. – Шунинг учун рақамли активлар бўйича фармойиш Президент ишчи гуруҳини XRP, SOL ва ADA шаклидаги стратегик крипто валюта захирасини яратишга йўналтиради.
У Қўшма Штатларни “дунё крипто валюта пойтахти”га айлантириш мақсадини ошкор қилди.
Трамп аввал ҳам бир неча бор рақамли валютани қўллаб-қувватлашини билдирган. 2024 йил ноябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонишидан олдин ҳам республикачи даъвогар АҚШни крипто валютанинг “жаҳон пойтахти”га айлантиришга ваъда берган: июль ойида сайловда ғалаба қозонса, биткоиннинг миллий стратегик захирасини яратиш ниятини айтган, сайлов олди тадбирларидан бирида биткоин билан тўлов амалга оширган АҚШ тарихидаги биринчи президентга айланганди.
Биткоин жорий қилиш ғоясини ўз вақтида Нью-Йорк мэри Эрик Адамс ҳам қўллаб қувватлаган. Ҳоким матбуот вакилларига берган интервьюсида шаҳар ҳокимияти аҳолига биткоин ёрдамида маош олиш ва коммунал хизмат учун ҳақ тўлаш имконини беришига урғу берганди.
– Шаҳарда биз қилишимиз мумкин бўлган баъзи ишлар бор, – деган у. – Биз ҳеч қандай тартибга муҳтож эмасмиз. Одамларга коммунал тўловни биткоин билан тўлаш, шунингдек биткоинда иш ҳақи олишга рухсат беришимиз мумкин. Шу ишларни амалга ошира бошлаймиз. Шаҳар ҳокимияти биткоиндан фойдаланиш билан боғлиқ эҳтимолий ҳолатларни ўз даражасида баҳолайди, кейин штат ва федерал ҳукуматлар билан ҳамкорлик бошлайди.
Нью-Йорк мэри Биткоиндан кундалик ҳаётда кўпроқ фойдаланишга умид қилмоқда. Унинг таъкидлашича, биткоин кундалик ҳаётда, жумладан қаҳва сотиб олишда ўсиши мумкин.
– Ўйлаймизки, одамларга коммунал тўловни биткоинда тўлашга рухсат берганимиздан сўнг ҳақиқий ҳаракатни кўрамиз. Зеро, оддий шаҳарликлар электрон вадютадан фойдаланишни меъёрига келтиради.
Адамс таъкидлашича, ҳокимиятнинг вазифаси метрополия аҳолиси криптовалюта саноати нимани англатишидан қўрқмаслигига ишонч ҳосил қилишдир.
– Аҳоли қўрқмаслигининг энг яхши йўли крипто валютани кундалик турмушга киритишга имкон бериш, – дея қўшимча қилди ҳоким. – Токи, мен сув учун ҳам, бир финжон қаҳва учун ҳам биткоин билан тўлай олай.
Бундан ташқари Нью-Йорк ҳукумати болаларга ҳам крипто валютадан фойдаланишни ўргатиш режасини тузган. Маълум қилинишича, шаҳар ҳокимияти мактабда болаларга крипто валютадан фойдаланишни ўргата бошлайди. Масъуллар бу жуда муҳим, деб ҳисобламоқда.
– Биз мактабларда ҳам тегишли жараённи йўлга қўймоқчимиз, – деди у крипто валютани қўллаш бўйича аҳоли кенгроқ таълим олиши зарурлиги ҳақидаги фикрини изоҳларкан.
С.Раҳимов, ЎзА