Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Криминоген вазияти оғир ҳудудлардаги маҳаллаларда янги профилактика механизмлари ишга туширилади
17:04 / 2025-10-07

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга йўналтирилган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга қаратилган. Жумладан, ушбу ҳужжат билан маҳаллаларда профилактика тизимини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Профилактика кичик инспектори лавозими ва ваколатлари қонунчиликда аниқ акс эттирилмоқда. Бу криминоген вазияти оғир ҳудудлардаги маҳаллаларда янги профилактика механизмларини тўлиқ ишга тушириш имконини беради.

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ва таянч пунктлари таркиби, шунингдек, профилактика инспекторларининг (бош, катта инспектор, инспектор, кичик инспектор) ваколатларига ойдинлик киритилмоқда.

Жамоат хавфсизлигини ошириш ва янги хавф-хатарларни бартараф этиш ҳам назарда тутилган. Жумладан, портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қўмита мажлисида “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт, аҳоли сони ва турмуш фаровонлигининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2030 йилга бориб 120-125 миллиард кВт/соатга етади.

Шу боисдан ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш, энергиядан фойдаланиш хавфсизлигини, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ваколатлари аниқлаштирилиши, шунингдек, Энергетика вазирлигининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қўмита мажлисида криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан илмий ёндашувлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича ИИВ Академияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарларининг ахборотлари ҳам эшитилди.

Жиноятчиликка қарши курашиш ишларига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки илмий соҳа вакиллари ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик ҳам тўла жалб қилинган. Энг асосийси, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки уларнинг олдини олиш асосий мезонга айланган.

Сўзга чиққанлар криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар концепцияси тасдиқланиб, криминоген вазияти бўйича “қизил” тоифада турган маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини тизимли равишда илмий ёндашган ҳолда таълим муассасалари томонидан ўрганиб бориш амалиёти ҳам йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.

Муҳокама якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан  тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА