English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Криминоген вазият ва профилактика масалалари муҳокама қилинди
20:08 / 2026-02-06

Сирдарё вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва профилактика тадбирларини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ойи давомида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар ҳолати, турлари ҳамда маҳалла ва ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар атрофлича таҳлил қилинди. Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар, аниқланган ҳолатлар ҳамда кибержиноятчиликка қарши амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов жиноятчиликка қарши кураш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вазифаси эмаслигини таъкидлаб, бу борада маҳалладаги ижтимоий муҳит, аҳолини иш билан таъминлаш, ёшлар ва хотин‑қизлар билан олиб борилаётган манзилли профилактика ишлари муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Шунингдек, тизимли профилактика тадбирлари амалга оширилмаса, кутилган натижага эришиб бўлмаслигига эътибор қаратилди.

Маҳалла ҳудудларида содир этилган жиноятлар алоҳида таҳлил қилинди. Олди олиниши лозим бўлган 35 та жиноятнинг 15 таси маҳалла ҳудудларида содир этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 фоизга камайган. Шу билан бирга, Ховос ва Гулистон туманларида кўрсаткич 200 фоизга, Янгиер шаҳри, Сардоба, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида эса 100 фоизга ошган. Ҳудудларда содир этилган жиноятларнинг қарийб ҳар иккитадан биттаси ўғрилик, ҳар бешинчиси шахсга нисбатан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ бўлган. Айрим маҳаллалар криминоген ҳолатига кўра тегишли тоифаларга киритилди.

Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов ўз маърузасида жиноятларни барвақт олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш учун идоралараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. У жиноят содир этган шахслар билан профилактик ҳисобда ишлаш, айниқса вояга етмаганлар ва ишсиз ёшлар билан манзилли чоралар кўриш муҳим эканини алоҳида қайд этди.

Йиғилишда кузатув камералари жойлашуви ва улардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди, бу борада масъулият ва вазифалар аниқлаштирилди.

Йиғилиш якунида тегишли идора ва ташкилот раҳбарларига давлат қарорлари ижросини таъминлаш, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда профилактика тадбирларини кучайтириш ҳамда белгиланган вазифалар бўйича қатъий назоратни ўрнатиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири