Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.
Шу сабабли ишлаб чиқилган “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Қонунда ижро ҳужжатлари асосида аукцион савдоларида сотилмаган мол-мулк ундирувчига натура шаклда ўтказилаётганда рўйхатдан ўтказувчи идора томонидан қўйилган барча тақиқлар давлат ижрочисининг қарори асосида бекор қилиниши белгиланмоқда. Бунда, давлат ижрочисининг қарори мол-мулкни тақиқларсиз давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда бир қатор илғор давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ўрганилгани ҳамда инобатга олингани таъкидланди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, кредит ташкилотларининг муаммоли активлар улушини камайтиришга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА