Сўнгги вақтларда тижорат банклари томонидан аҳолига турли мақсадлар учун кредитлар ажратилмоқда. Банк билан тузилган шартномада кредит фоизи, тўлов муддати ва суммаси аниқ белгиланган бўлиб, тўлов жадвали мижозга берилади.
Шартномага асосан кредит тўлови белгиланган муддатда ва тўлиқ қопланиб борилиши зарур, акс ҳолда шартнома шартлари бузилган деб топилиб, банк мижоздан кредитни муддатидан олдин тўлиқ ундириш бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.
Кредит қарздорлиги тўлиқ қопланмаса, ундирув гаров мулкига ёки қарздорга тегишли бўлган бошқа мол-мулкларга қаратилиши мумкин. Кредит олган айрим шахслар томонидан шартнома шартларига риоя қилмаслик, ўз мол-мулкларидан айрилишга сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Ғиждувон туманлараро судининг 2023 йил 13 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан, қарздорлар Ш.Зоиров ва Н.Сафаровадан солидар тартибда ундирувчи “Капиталбанк” АТБ, “КАПИТАЛ 24” ЧБФ “Бухоро” Смартбанк фойдасига 98.712.802 сўм кредит қарздорлиги ундириш, ундирувни гаровга қўйилган Ш.Зоировга тегишли, оқ рангли, 2021 йилда ишлаб чиқарилган “COBALT” русумли автомашинага қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ғиждувон тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорларга ижро ҳужжати мазмун моҳияти тўлиқ тушунтирилди. Бартараф этиш учун ихтиёрий муддат берилган бўлсада, ижро ҳужжати талаблари бажарилмаган.
Бўлим давлат ижрочилари томонидан жорий йилнинг 6 апрель куни амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.Зоировга тегишли бўлган “COBALT” русумли автомашина тегишли тартибда хатланди. Вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Қарздорлик белгиланган муддат давомида бартараф қилинмаса, автомашина “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқарилиши ҳақида қарздор расман огоҳлантирилган.
Ҳозирда автомашинани сотувга чиқариш чоралари кўрилмоқда. Автомашина сотувидан тушган маблағлар ҳисобидан қарздорлик бартараф қилинади.
Зариф Комилов,
ЎзА