Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Қоровулбозор тумани Алпомиш кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган “ЖФС” хусусий корхонаси норасмий раҳбари, фуқаро Ш.Ж., Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида рўйхатдан ўтган “ЙС” оилавий корхонаси раҳбари фуқаро Й.Ф. га Хитой Халқ Республикасидан “Циллюлоза” ишлаб чиқариш ускунаси тўплами олиб беришни ваъда қилиб, унинг ишончига киради.
Натижада уни алдаб, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида ажратилган 180 миллион сўм кредит маблағларини яқин қариндошларининг банк пластик карталарига кўчириб, нақдлаштириб ўз эҳтиёжларига ишлатгани аниқланади. Бундан ташқари, фуқаро Ш.Ж. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, “ЖФС” хусусий фирмаси ва “АП” оилавий корхонаси ўртасида 443 миллион 300 минг сўмга Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “Термопласт автомат YJ(*)130” ускунаси жамланмасини етказиб бериш юзасидан келишувни қўлга киритада.
Натижада “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида ажратилган имтиёзли кредит маблағларини “АП” оилавий корхонаси томонидан “ЖФС” хусусий корхонаси ҳисоб рақамига олинган кредит маблағларини ўтказиб берилишига эришади. Пуллар ўтказиб берилганидан сўнг “АП” оилавий корхонасига “Термопласт автомат YJ(*)130” ускунаси жамланмаси ўрнига, бошқа турдаги қиймати арзонроқ, яъни 76 миллион сўмлик “Термопласт автомат YJ 120” ускунаси олиб беради. Қолган 367 миллион 300 минг сўм кредит маблағларини яқин қариндошларининг банк пластик карталарига кўчириб нақдлаштириб олган ҳолда ўз эҳтиёжлари учун ишлатганлиги аниқланади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.Ж. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА