Ангор туманида яшайдиган Асрор Соипов (исм-шариф ўзгартирилди) тижорат банкидан олган кредит маблағи учун “Malibu-2” русумли автомашинасини гаровга қўяди. Бироқ, кредитни тўлай олмай, банк олдида қарздор бўлиб қолади.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти Ангор туман бўлими иш юритувидаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Асрор Соиповнинг 276 миллион 477 минг сўм кредит қарздорлиги учун гаровга қўйилган “Malibu-2” русумли автомашинасига нисбатан қидирув эълон қилинади. Рейд тадбирлари чоғида гаровдаги енгил машина туман ҳудудидан топилиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига олиб келинади. Давлат ижрочиси Сайёра Тожиева қарздор фуқарога ихтиёрий муддат бериб, аукцион савдоларига чиқарилиши ҳақида расман огоҳлантиради.
Қарздорликни ихтиёрий муддатда бартараф этмагач, 2018 йилда ишлаб чиқарилган “Malibu-2” русумли автомашина аукцион савдосида 225 миллион 528 минг сўмга сотилиб, қарздорликни қоплашга йўналтирилди.
Давлат ижрочилари вилоятда юзага келган қарздорликларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни давом эттирмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири