Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган округларда бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда, уларнинг дарду ташвишлари билан қизиқмоқда, муаммоларини ўрганмоқда.
Зеро, халқ билан мулоқот ва ўрганишлар жойларда ечимини кутаётган масалаларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим омилдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенова Навоий вилоятида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Халқ вакили учрашувларда аҳолига Қонунучилик палатасида янги қабул қилинган қонунлар ҳақида маълумот берди, уларнинг таклифларини эшитди.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда мактаб ҳамда оилавий поликлиникалардаги шароитлар билан танишди, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди. Депутат учрашувлар давомида тадбиркорликка доир қонунчилигимизга киритилган ўзгартириш ва янгиликлар, имтиёз ва қулайликлар тўғрисида маълумотлар берди.
Ўрганишлар жараёнида депутат Навоий кончилик давлат институтида ҳам бўлиб, талаба ёшлар билан учрашди. Уларга Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берди. Давра суҳбатида таҳсил олаётган институт ёшларининг муаммо ва қизиқишлари ўрганилди.
Депутат Нодирбек Тилаволдиевнинг фарғоналик сайловчилар билан учрашувлари ҳам самарали ўтмоқда.
Депутат Фарғона шаҳрининг “Юлдуз” маҳалласида бўлиб, аҳоли билан долзарб масалалар юзасидан суҳбатлашди. Ушбу маҳалла аҳолиси асосан кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Бу ерда яшовчи фуқароларни кўпроқ ишсизлик масаласи қийнайди. Шу боис, ҳоким ёрдамчисига келиб тушган мурожаатларнинг 22 таси кредит олиш ҳисобига ўзини ўзи банд қилиш масаласида бўлган. Аммо биринчи чоракда атиги 2 нафар фуқарога кредит ажратилган, холос.
Халқ вакили ҳудуддаги учрашувлари давомида аҳоли муаммоларини хонадонбай ўрганди. Ҳозирги кунда бу ерда “Аёллар дафтари”да турган 11 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган. Яқинда кўп қаватли уйнинг ертўласида қўзиқорин етиштириш бўйича янги лойиҳага кредит ажратилган бўлиб, яна 5 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди.
Депутат Н.Тилаволдиев ҳудудда қад ростлаётган Ревматалогия марказининг қурилиш жараёни билан ҳам танишди. Ушбу марказ фойдаланишга топширилса, ҳудуддаги 40дан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Таъкидлаш жоизки, халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти қатор масалаларнинг жойида ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА