Кредит маблағларини ўзлаштирган мансабдорлар
“Y.M.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ж.Р. ҳудудий тижорат банки филиалидан иссиқхона қуриш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг 1,3 миллиард сўмини ҳамда укаси Х.Р.нинг номига ташкил этган “J.S.” масъулияти чекланган жамиятига ажратилган 600 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб, талон-торож қилган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жарқўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.
“B.F.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари М.А. ҳудудий тижорат банки филиалидан чорва комплекси қуриш учун ажратилган 762,2 миллион сўм кредит маблағлари эвазига харид қилинган қурилиш материалларидан бошқа мақсадларда фойдаланиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Бу эса Департаментнинг Бандихон тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА