Кредит фаровонликка хизмат қилади
Самарқанд туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши ва “Алоқабанк”нинг Самарқанд филиали ҳамкорлигида “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини юксалтиришда кредитлаш тизимининг аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди.
Самарқанд туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши ва “Алоқабанк”нинг Самарқанд филиали ҳамкорлигида “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини юксалтиришда кредитлаш тизимининг аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди.Иш билан банд бўлмаган аҳолига микрокредитлар ажратиш орқали уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган тадбир аҳоли билан мулоқот тарзида ўтказилди.
Партия фаоллари, депутатлар, банк масъул ходимлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан айни пайтда юртимизда аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Банклар ходимлари хонадонма-хонадон юриб, аҳолини ишбилармонликка ўргатмоқда. Имтиёзли кредитлар таклиф этилаётир. Бунинг самарасида бугунги кунда минглаб юртдошларимиз ўз ҳовлисида чорвачилик, паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиб, оиласи иқтисодини мустаҳкамламоқда. Аҳолининг бандлиги таъминланмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурида ҳам мазкур йўналишда муҳим ғоя ва ташаббуслар илгари сурилган. Жумладан, имтиёзли микрокредитларни тақдим этиш, якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш бўйича вазифалар белгиланган.
Семинар давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларга оилавий тадбиркорлик ва бошланғич сармояни шакллантириш мақсадида кредит олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, кредит олиш ва ундан самарали фойдаланиш, тижорат банклари томонидан микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари, бизнес режа тузиш юзасидан атрофлича маълумот берилди. Бу борада аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Тадбир доирасида бир гуруҳ фуқароларга “Алоқабанк”дан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Асосий тирикчилигимиз томорқа деҳқончилигидан, – дейди Самарқанд туманидаги Янгижой маҳалласида яшовчи И.Усмонқулов. – Бугунги кунда банклар томонидан аҳолига имтиёзли кредитлар берилаётганини эшитиб, хонадонимизда чорвачиликни йўлга қўйишни режалаштиргандим. Таклифим инобатга олиниб, банкдан 6 миллион сўм кредит ажратиладиган бўлди. Бундан жуда хурсандмиз.