Кредит деб сарсон бўлаётган тадбиркорлар
Қарор ижроси нега таъминланмаяпти?
Қарор ижроси нега таъминланмаяпти?
(иккинчи мақола)
www.uza.uz сайтида эълон қилинган “Кичик саноат зоналарида Президент қарорлари ижроси таъминланганми?” мақоласида Тошкент шаҳрида ташкил қилинган кичик саноат зоналарининг мақсад ва вазифалари, уларда тадбиркорлар учун яратилган имтиёз ва имкониятлар ҳақида сўз юритган эдик. Шунингдек, Бектемир кичик саноат зонасида Президент қарорлари ижроси тўлиқ таъминланмагани, айрим тадбиркорлар имтиёзли кредит олиш учун ойлаб сарсон бўлаётгани ҳақида маълумот бергандик.
Қуйида Бектемир кичик саноат зонаси фаолияти, тадбиркорларнинг ЎзА мухбирига берган интервьюсини эълон қиламиз.
Тадбиркорлик ҳудудининг умумий майдони 5 гектар. Шундан 29 минг квадрат метр майдонда ишлаб чиқариш бинолари жойлашган.
– 14 тадбиркорга ишлаб чиқариш майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 5 тадбиркор ўз фаолиятини бошлаган. Қолган 9 тадбиркоримиз ўзига ажратилган бинода таъмирлаш ишларини тугатиб, ускуналар харид қилиш, уларни олиб келиб, ўрнатиш билан машғул, – дейди "Бектемир кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси" раҳбари Маҳаммаджон Алиев. – 8 тадбиркорнинг имтиёзли кредит олишга эҳтиёжи бор. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат билан чиқдик. Ҳалигача кредит ажратилгани йўқ. Агар белгиланган тартибда имтиёзли кредит ажратилса, улар ускуналар харид қилиш имконига эга бўлади ва иш фаолиятини тезроқ бошлайди.
Фаолиятини бошлаган 5 тадбиркорлик субъекти бугун қурилиш материаллари, маиший техника, мебеллар ишлаб чиқармоқда.
Қолган 9 тадбиркорда қандай муаммо мавжуд? Уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.
– Бизга ажратилган бинода реконструкция ишларини тугатдик. Бу ерда жинси матосидан тайёр кийим-кечаклар тикиб, асосий қисмини экспортга чиқармоқчимиз. Бунинг учун бизга банк кредити жуда зарур бўлиб турибди, – дейди "ARK BIZNES INVEST" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Усмонов. – Шу масалада 2017 йилнинг ноябрь ойидан буён ҳаракатдамиз. Дирекция орқали ҳам, ўзимиз ҳам тегишли банкка, шаҳар ҳокимиятига мурожаат билан чиқдик. Халқ банкининг Тошкент шаҳар Бектемир филиалидан хатимизга келган жавобда кичик саноат зонаси тадбиркорлари лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари жалб этилаётгани ёзилган. Халқ банки томонидан мазкур жамғармага талабнома юборилган. Ҳалигача унда кўрсатилган маблағ келиб тушмаган. Бу талабнома асосида маблағлар шаклланганидан сўнг имтиёзли фоиз ставкаси ва асосий қарзни қайтариш учун имтиёзли давр муддати маълум қилинар экан. Биз – тадбиркорлар учун эса ҳар кун ғанимат.
Тадбиркор Ш.Усманов лойиҳаси билан танишдик. Қиймати 1 миллион 400 минг АҚШ долларилик лойиҳа анчагина салмоқли ва истиқболли. Тадбиркор 1 йилда ўртача 550 минг дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқармоқчи. 95 янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани 2018 йилнинг 2-чорагида ишга туширишни режалаштирган. Бунинг учун ўз сармояси ҳисобидан ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Туркия ва Хитойдан зарур ускуналар харид қилиш учун шартномалар тузилган. Замонавий ускуналарнинг бир қисми етиб келиш арафасида. Аммо мазкур ускуналар учун бутловчи қисмлар, ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида янги технологияларни жалб этиш зарур. Бунинг учун тадбиркор 640 минг АҚШ доллари қийматида банкнинг имтиёзли кредитига эҳтиёж сезмоқда.
Бугун кўргазмали музлатгичлар ишлаб чиқаришни қисман бошлаб юборган "Grifon servis" масъулияти чекланган жамиятида ҳам кредит муаммоси бор.
– Ўн нафар ходимимиз билан буюртма асосида кўргазмали музлатгичлар ишлаб чиқараяпмиз, – дейди МЧЖ раҳбари Шуҳрат Тўлқинов. – Маҳсулотларимизга эҳтиёж ортиб бормоқда. Фаолиятимизни янада кенгайтириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун катта ҳажмдаги музлатгичлар ҳам ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз. Режамиз амалга ошса яна 40 янги иш ўрни яратамиз. Замонавий ускуналар харид қилишимиз керак. Албатта, бунинг учун имтиёзли банк кредити зарур бўлади.
Таъкидлаш жоиз, 2017 йилда Президентимизнинг кичик саноат зоналарини ташкил этиш ва уларда тадбиркорларга кенг имтиёз ва имкониятлар яратиш мақсадида 18 май, 17 август ва 25 октябрда 3 та қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда тадбиркорларга кредит ажратиш билан боғлиқ жиҳатлар алоҳида эътиборга олинган.
Бир неча ойлардан буён Президент қарорлари ижросини кутиб, кредит ололмасдан сарсон бўлиб юрган тадбиркорлар муаммоси қачон ҳал бўлади? Бу ҳақда мутасадди ташкилотлардан, хусусан, Бектемир кичик саноат зонасига бириктирилган АТ Халқ банки Тошкент шаҳар Бектемир филиали ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан тадбиркорлар жавоб кутмоқда. Биз эса навбатдаги мақоламизда бу ҳақда маълум қиламиз.