Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан Ўзсаноатқурилишбанк тизимида трансформация жараёнлари ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда қайд этилганидек, Президентимизнинг “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони билан банк тизимини ислоҳ қилишнинг кенг миқёсли йўналишлари белгилаб берилди.

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) экспертлари кўмагида олиб борилаётган кенг кўламли трансформация жараёнида ушбу фармон талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, трансформация жараёнларининг дастлабки босқичида банк фаолияти тўлиқ диагностикадан ўтказилди, бошқарув тизими ва ташкилий тузилма халқаро талабларга мувофиқлаштирилди, тармоқлар фаолияти маҳсулот сотишга йўналтирилиб, ташкилий тузилма такомиллаштирилди ҳамда барча тармоқлар сотув каналларига айлантирилди.
Соҳада олиб борилган ишлар натижасида жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатишда ҳужжатлар расмийлаштируви соддалаштирилди. Жисмоний шахсларга кредит ажратиш муддати 10 кундан 3 кунгача, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 10 тадан 2 тага қисқартирилди. Юридик шахсларга кредит ажратиш муддати эса 30 кундан 10 кунга, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 32 тадан 10 тага камайтирилди. Натижада банк тизимида кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 2,6 баробарга, жисмоний шахслар учун 1,6 баробарга оширилиб, чакана мижозлар сони 1,7 баробарга ўсди. Банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, банк хизматлари билан бир қаторда онлайн бозорни ўзида бирлаштирган уникал платформа – JOYDA иловаси ишга туширилди. Мижозлар ушбу илова орқали барча турдаги анъанавий банк хизматларидан онлайн тарзда самарали фойдаланиб келмоқда.
Халқ вакиллари соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.
Семинарда шунингдек, Президентимиз томонидан давлат дастурлари борасида банк зиммасига юкланган вазифалар ва уларнинг ижроси ҳам тақдимот қилинди. Жумладан, республикада қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва лойиҳаларни молиялаштиришда банк масъуллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА