Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Креатив иқтисодиёт – барқарор ривожланиш гарови
19:36 / 2024-10-13

Инновацион маҳсулот, деганда фақат янги технология тушунилмайди, албатта. Бинобарин, таклиф кўпчиликка таниш бўлса-да, истеъмолчи тасаввурини ўзгартира оладиган, янги мазмун – илғор моҳиятга йуғрилган ташаббус сифатида намоён бўлиши муҳим.

Айни жихатлар бугун Хитой ижтимоий-маданий, маърифий ҳаётида яққол кузатилмоқда. Хусусан, мамлакат туризми креатив ечим, ёндашув ҳисобига тараққиётнинг янги босқичига кўтарилмокда. Тарихий цивилизация ва замонавийлик уйғунлиги сайёҳлар оқимини тезлаштириб, соха даромадини оширяпти. Қишлоқ хўжалиги хам муайян янгиликлардан мустасно эмас. Баъзан, ҳатто, ҳайратомуз ноу-хаулар муваффақиятли тадбиқ этилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Масалан, 100 гектар шолизорда гуручнинг турли нави етиштирилади. Шимолда йилига бир марта ҳосил олинади, даромад ҳам шунга яраша. Шу боис маҳаллий креаторлар ўзига хос бир янгилик татбиқ этишган. Яъни, майдон бўйлаб турли рангдаги шоли компьютер ёрдамида 3D форматда экилиб, киши ҳайратини уйғотувчи тасвирлар пайдо бўлган. Замонавий ахборот технологияси ва агроселекция уйғунлигида яратилган ажойиб манзарани юқоридан туриб томоша килиш учун лифтли минора барпо этилган. Оҳиста юриб, бутун далани айланиб чикувчи мини поездлар ҳаракати йўлга қўйилган. Шийпондан дала четигача дўлана дарахтлари экилган. Мевани бемалол татиб кўриш мумкин.

Шолизор сувида жониворлар боқилади. Хўранда таъби ва талабига қараб, шу жойнинг ўзида тансиқ таом берилади. Гуручдан тайёрланган ранг-баранг пишириқлар бозори ҳам бор. Шу тариқа ўзига хос туризм инфратузилмаси яратилган. Олинаётган даромад юқори. Яқин келажакда аэропланда саёҳат  хизмати, замонавий меҳмонхона қуриш режалаштирилган. Ушбу лойихалар муваффақиятли амалга ошса, ҳозирги 1 миллионга яқин турист сони янада ортиши аниқ.

Мамлакатда турли муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланилмокда. Натижада сарф-харажат камайиб, макбул нарх-наво шаклланяпти.

– Компаниямиз водород, қуёш ва шамол электр станцияларини ўрнатиш ва ишга туширишга ихтисослашган, – дейди “Руншихуа нью энержи” компанияси раҳбари Янг Лихуа. – Жамоамиз Хитой энергетика бозорида ўзига хос мавқега эга етакчи корхоналардан бири саналади. Жорий йил биринчи ярмида делегациямиз янги ўсиш нуқталарини аниқлаш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Очиғи, республиканинг яшил энергетика бўйича стратегияси менда ижобий таассурот қолдирди. Келгусида Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги яшил энергия лойиҳаларида фаол иштирок этишни мақсад қилдик. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Креатив иқтисодиёт бўйича халқаро форум бунинг учун қулай имконият яратди. Кези келганда айтиш жоиз, ушбу йўналишни жадал ривожлантиришга интилаётган Осиё давлатлари рақобатбардош устунликка эга. Биринчи навбатда креатив ғоя ва таклиф муаллифлари учун улкан майдон мавжуд. Саноат, ишлаб чикариш, катта ва кичик бизнес инновацион ва интеллектуал капиталнинг асосий  истеъмолчиси сифатида майдонга чиқса, вужудга келадиган замонавий хизмат турлари, янги товар ва маҳсулотлар, ўз навбатида, турмуш даражаси ортиб бораётган жамият эътиборини қозониши табиий.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз бизнес субъектларининг креатив иқтисодиёт бўйича илғор хорижий ҳамкорлар билан бирга амалга оширадиган лойиҳалари глобал миқёсда барқарор ривожланиш мақсадларига хизмат қилиши шубҳасиз.

Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА

Пекин, Хитой