Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Крaснoдар ўлкасида ҳалокатга учраган юртдошимиз Ўзбекистонга қайтарилди
18:42 / 2019-11-07

Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги берган маълумотларга кўра, шу йилнинг август ойида Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида меҳнат миграциясида бўлган беш нафар фуқаро ЙТҲга учраган.


Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги берган маълумотларга кўра, шу йилнинг август ойида Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида меҳнат миграциясида бўлган беш нафар фуқаро ЙТҲга учраган. Натижада уларнинг икки нафари ҳалок бўлган. Уларнинг бири Ўзбекистон фуқароси бўлган. Уч нафар фуқаро эса Темрюк касалхонасига ётқизилган.

Икки нафар юртдошимиз аҳволи бироз яхшилангач, Ўзбекистонга қайтиб келган. Бироқ 1985 йил Наманганда туғилган Равшан Тўхтаматов суяк синишлари, ички аъзолар лат ейиши, мияда гемотома борлиги каби жуда жиддий жароҳатлари туфайли юртимизга қайтолмаган. Бу аҳволдаги беморни самолётда Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Равшан Тўхтаматовни юртимизга қайтариш йўлида бирлашди. Бунинг самараси ўлароқ, бемор 5 ноябрь куни Ўзбекистонга олиб келинди.

Беморнинг турмуш ўртоғи Эъзоза Маматова айтишича, Равшан Тўхтаматов юртимизга етиб келгунгача унга Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги ёрдам кўрсатган, вазиятни назоратга олган.

Беморнинг Ўзбекистонга қайтарилишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан, истисно тарзида, Равшан Тўхтаматовга “ётоқ” жой ҳамда унинг ҳамроҳлари учун жами 9 та ўрин ташкилот ҳисобидан ажратиб берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назорат қилувчи ҳамда парвоз пайти унга ҳамроҳлик қилуви махсус шифокорни сафарбар этди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уни махсус замбилда Тошкент аэропортидан Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига етказди.

Ҳамроҳ шифокорнинг сўзларига кўра, бемор парвоз вақти ўзини яхши ҳис этган. Қон босимида ўзгаришлар кузатилмаган.

Беморнинг турмуш ўртоғи ва бошқа яқинлари барча ташкилотчилардан миннатдор эканини билдирмоқда.

Шаҳноза РАВШАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари

вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари.